Жаҳон | 08:53 / 02.12.2024
7998
3 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти Жо Байден ўғли Ҳантерни афв этди

Ҳантер Байденга қарши ноқонуний қурол сақлаш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун иш очилган. Оқ уй раҳбари америкаликлар ота ва президентнинг ўғлини афв этиш қарорини тушунишларига умид билдирди.

Фото: Craig Hudson/REUTERS

АҚШ президенти Жо Байден ўғли Ҳантер Байденни расман афв этди. «Ҳантер билан боғлиқ фактларни ўрганувчи ҳеч қандай ақлли одам бундан бошқа хулосага кела олмади: Ҳантерни фақат ўғлим бўлгани учун ажратиб олишди — бу нотўғри», — дейилади 1 декабр, якшанба куни кечқурун Оқ уй веб-сайтида эълон қилинган давлат раҳбари баёнотида.

Жо Байденнинг сўзларига кўра, бу қарор ҳафта охирида оила Шукроналик кунини бирга ўтказгандан сўнг қабул қилинган. Президент ўз қарорини шундай изоҳлади: «Мен ҳуқуқ тизимига ишонаман, лекин хом сиёсат бу жараёнга зарар етказгани ва адолатсизликка олиб келганига ҳам ишонаман». Байден президентлиги даврида унинг кенжа ўғли республикачиларнинг нишонига айланди, деб хабар бермоқда Reuters. Оқ уй раҳбари «америкаликлар ота ва президент нима учун бундай қарорга келганини тушунишади», деган умидда.

Жо Байден ўғлининг ҳуқуқий муаммолари туфайли вазиятга аралашмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Сентябр ойида Оқ уй Америка раҳбари ўз ўғлини афв этиш ниятида эмаслигини такрорлади, деб эслайди AFP. Оқ уй амалдаги раҳбарининг президентлик ваколатлари 2025 йил 20 январда унинг ўрнига янги сайланган Доналд Трамп келиши билан тугайди.

Ҳантер Байденга қарши иш

54 ёшли Ҳантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилдан бери давом этмоқда. 2023 йилда у солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний қурол сақлашда айбини тан олишга рози бўлган. Судгача бўлган келишув унга ҳақиқий жазодан қочишга ёрдам бериши керак эди. Ўша йилнинг июл ойида айблов келишувида «ностандарт шартлар» борлиги ва Байденга тергов давом этаётган эпизодларда иммунитет бериши мумкинлиги маълум бўлди. Шундан кейин Ҳантер Байден ўз айбини тан олди.

Ҳантер Байденга 2023 йил декабрида айбловлар қўйилган. Прокурор Дэвид Вайс томонидан тайёрланган айблов хулосасига кўра, кичик Байден 2016 йилдан 2019 йилгача камида 1,4 миллион доллар солиқ тўламаган. «Айбланувчи солиқ тўлаш ўрнига миллионлаб долларни экстравагант турмуш тарзига сарфлаган», — дейилади ҳужжатда.

Кичик Байден ўтган июн ойида ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топилган эди. Делавэр штатидаги ҳакамлар ҳайъати у 2018 йилда револвер сотиб олаётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон гапирганини аниқлади. Бу ҳолатда у 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин.

Сентябр ойида Ҳантер Байден тўққизта айбловнинг барчаси бўйича ўз айбини тан олди.

Мавзуга оид