Ўзбекистон | 21:47 / 02.12.2024
31228
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хоразмдаги педофил амалдорларга санкция киритди

2 декабр – Халқаро қулликка барҳам бериш кунида АҚШ Молия вазирлиги уч ўзбекистонликни Магнитский рўйхатига қўшди. Гап меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган икки амалдор ва меҳрибонлик уйи мудираси ҳақида кетмоқда.

Ойбек Машарипов

АҚШ Молия вазирлиги улар томонидан инсон ҳуқуқлари жиддий тарзда бузилганини қайд этган.

Санкцияга учраганлар – Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов, Янгиариқ тумани ФВВ собиқ бошлиғи Анвар Курязов ва меҳрибонлик уйи собиқ мудираси Юлдуз Худойберганова.

“Юлдуз Худайберганова, Анвар Курязов ва Ойбек Машарипов давлат амалдори бўлган даврда бир неча бор жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик ва етим болаларни сотишда иштирок этган. Ўшанда Худайберганова давлат меҳрибонлик уйи директори, Машарипов Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи, Курязов туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи эди. Худайберганова камида 10 ой давомида камида уч нафар вояга этмаган қизни пул ва товарлар эвазига камида 6 нафар эркак билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Худайберганова қизларнинг талабларга риоя қилишларини таъминлаш учун турли хил мажбурлаш усулларини қўллаган: жисмоний калтаклаш, таҳдид қилиш, очлик ва тенгдошларидан ажратиб қўйиш шулар жумласидан. Машарипов ҳам, Курязов ҳам этим болалар уйига берган “совға”лари учун компенсация сифатида улар билан жинсий алоқада бўлишни талаб қилишган. Курязов ва Машарипов ёш қизларни ўлжа қилиш учун болалар уйига бир неча бор ташриф буюришган”, – дейилади АҚШ Молия вазирлиги ахборотида.

Эндиликда уларга нисбатан виза чекловлари жорий этилади, уларнинг АҚШда ёки АҚШ назоратида мулклари ёки мулкий манфаатлари бўлса, музлатилади, ушбу шахслар 50 фоиз ёки ундан ортиғига эгалик қилувчи компаниялар ҳам санкцияга тушади.

Мавзуга оид