Volkswagenʼнинг тўққизта заводи ходимлари иш ташлаш эълон қилди
Автоконцерн раҳбарияти сентябр ойида талабнинг камайгани ва молиявий кўрсаткичлари ёмонлашгани туфайли Германиядаги бир нечта заводини ёпишини маълум қилганди. Касаба уюшмалари компания раҳбариятига инқироздан чиқишнинг ўз вариантини тақдим этди, аммо Volkswagen бу таклифларни рад этди.
Автомобил ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи Volkswagen (VW) компаниясининг бутун Германия бўйлаб жойлашган заводларининг ходимлари огоҳлантирувчи иш ташлашни бошлади, деб хабар беради Reuters.
Қайд этилишича, IG Metall касаба уюшмаларига кирувчи ўн минглаб ходимлар маҳаллий вақт билан соат 09:30 да ишни тўхтатган. Иш ташлаш икки соат давом этган. Кечки сменадагилар ҳам икки соатга ишламаслиги айтилмоқда.
Олдинроқ, IG Metall раҳбарияти Volkswagenʼнинг барча ишчиларини огоҳлантирувчи иш ташлашга чақирган эди, бунга концерн билан ўтказилган музокаралар натижасиз якунлангани сабаб бўлган.
Volkswagen раҳбарияти сентябр ойида талабнинг камайгани ва молиявий кўрсаткичлари ёмонлашгани туфайли Германиядаги бир нечта заводини ёпишини маълум қилганди. Кейинроқ камида учта корхона ёпилиши мумкинлиги ҳақида айтилди. Октябр охирида автомобилсозлик компаниясининг Германиядаги 11 та заводида бир соатлик иш ташлаш бўлиб ўтди.
20 ноябр куни касаба уюшмалари концерн менежментига инқироздан чиқишнинг ўз вариантини тақдим этди — унга кўра иш ўринлари сақланиши эвазига маошлар музлатилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу компания харажатларини 1,5 миллиард еврога қисқартиришга ёрдам беради. Аммо 29 ноябр куни VW раҳбарияти ушбу вариантни рад этди.
«Бу қарама-қаршилик қанчалик узоқ ва шиддатли бўлиши Volkswagen’нинг музокаралар столидаги ўзини тутишига боғлиқ», — дейди концерн ходимлари билан музокара олиб бораётган Торстен Грогер. Ҳар икки томон вакилларининг янги учрашуви 9 декабрда бўлиб ўтиши керак.
Мавзуга оид
18:42 / 20.12.2024
Amazonʼда компания тарихидаги энг йирик иш ташлаш бошланди
19:30 / 04.12.2024
Британиянинг The Guardian газетаси журналистлари 50 йил ичида биринчи марта иш ташлаш эълон қилди
23:42 / 27.11.2024
Volkswagen кўплаб айбловлардан кейин Хитойдаги заводини сотди
23:18 / 23.11.2024