Жаҳон | 11:10 / 04.12.2024
3296
3 дақиқада ўқилади

ФТБ АҚШда яшовчи россиялик аёлни ФСБ билан ҳамкорликда айбламоқда

Номма Зарубина ФТБдан Россия разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилаётганини яширган, дея маълум қилди Вашингтон. Бироқ, у жосусликда айбланмаган.

Номма Зарубина Фото: Instagram / nomma_zarubina

АҚШ Адлия вазирлиги Ню-Йоркда яшовчи россиялик аёл Номма Зарубинани Россия разведка хизматларига алоқадорликда айблади. Бу ҳақда 2 декабр, душанба куни Telegramʼда суд ҳужжатлари сканерини эълон қилган Russian America for Democracy in Russia лойиҳаси ва ҳуқуқшунос Игор Слабих маълум қилди.

Уларга кўра, 34 ёшли Зарубина 2021 йил апрелида ва 2023 йил сентябр ойида Россия разведка хизматлари билан алоқаларини рад этган ҳолда Федерал тергов бюроси (ФТБ)га «қасддан ва била туриб» ёлғон кўрсатма берганликда айбланмоқда. ФТБ маълумотларига кўра, кейинроқ маълум бўлишича, россиялик аёл ўзи туғилган Томскда жойлашган ФСБ ходими билан мунтазам алоқада бўлиб, АҚШда топшириқларни бажаришга рози бўлган. Унга «Алиса» шартли номи берилди ва у Россия махсус хизматлари номидан журналистлар, ҳарбий хизматчилар ва экспертлар билан алоқа ўрнатди.

Жосуслик бўйича айблов қўйилмади

Слабихнинг сўзларига кўра, Зарубина 21 ноябр куни қўлга олинган, бироқ 25 минг доллар гаров эвазига қўйиб юборилган, ҳужжатлари олиб қўйилган ва унга жосусликда айблов қўйилмаган. Агар айбини тан олса, у беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, дейди АҚШда яшовчи адвокат.

Номма Зарубинанинг ўзи ўзига қарши айбловлар ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, Facebookʼда шундай деб ёзди: «Мен яширинмаяпман ёки қочмаяпман, хабарларда ҳам, телефон орқали ҳам гаплашишдан хурсанд бўламан».

«Сибир.Реалии» билан суҳбатда у ФСБда ишлагани ҳақидаги маълумотни рад этди, бироқ бир неча йил давомида Россия ва Америка разведка хизматлари билан алоқада бўлганини инкор этмади.

Алексей Навалний штаблари собиқ раҳбари Леонид Волков Зарубинани 2023 йил январида Вашингтонда тарафдорлари билан учрашувда кўрганини ва унинг ғалати хатти-ҳаракатини пайқаганини айтди: тадбир давомида у биринчи қаторда ўтиргани билан ҳодисага ҳеч қандай қизиқиш билдирмаган. «Аммо учрашув тугаши билан у биринчи бўлиб менинг олдимга югуриб келиб, селфи сўради ва селфидан сўнг дарҳол қочиб кетди», деб ёзди Волков X ижтимоий тармоғида.

Мавзуга оид