Ўзбекистон | 18:51 / 04.12.2024
2421
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев АЭХА бош директори билан учрашди

Рафаэл Гросси Ўзбекистонга келди ва Самарқандда ўтказиладиган халқаро конференцияда иштирок этади.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Гросси президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва амалий шерикликнинг янги йўналишларини илгари суриш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон 1994 йилдан буён АЭХА аъзосидир. Бу давр мобайнида ушбу нуфузли ташкилотнинг техник кўмагини жалб этган ҳолда 40 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилди. Ҳозир миллий тузилмаларнинг ҳуқуқий базаси ва салоҳиятини такомиллаштириш, ядро фани, тиббиётини ривожлантириш бўйича ва бошқа йўналишларда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари АЭХА делегацияси бугун Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва илмий муассасаларида ўтказган учрашув ва тадбирларнинг натижаларини юқори баҳолади.

Учрашув якунида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Гросси 5 декабр куни Самарқандда бўлиб ўтадиган «Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба» конференциясида иштирок этади. Ушбу анжуманнинг бош ҳамкори Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси ҳисобланади.

Мавзуга оид