Жаҳон | 15:34 / 05.12.2024
2338
3 дақиқада ўқилади

НАТО РФ гибрид ҳужумларига қарши чораларни кучайтирмоқда

НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Россия диверсиялари ва бошқа ҳужумларига қарши чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олди. Бошқа нарсалар қаторида, разведка маълумотлари алмашинуви кучайтирилади, машқлар сони кўпаяди ва кибермудофаа яхшиланади.

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

НАТО Россия гибрид ҳужумларига қарши кураш чораларини кучайтирмоқда. 4 декабр, чоршанба куни Брюсселда НАТО бош котиби Марк Рютте маълум қилишича, Шимолий Атлантика алянси мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Россия Федерациясининг душманона ҳаракатларига қарши қаратилган чора-тадбирлар пакетини келишиб олди. Бу чора-тадбирлар разведка маълумотларини алмашишни кучайтириш, кўпроқ машқлар, муҳим инфратузилмани яхшироқ ҳимоя қилиш, кибермудофаани яхшилаш ва Россиянинг соядаги флотига қарши қаттиқроқ чораларни ўз ичига олади, деди Рютте.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг яширин уруши диверсиялардан ташқари, ҳакерлик ҳужумлари ҳамда нефт ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ шантажларни ҳам ўз ичига олади, бир қатор иттифоқчи давлатлар ҳали ҳам унга боғлиқ. НАТО 2025 йил июн ойида Ҳаагадаги саммитда гибрид ҳужумларга қарши курашнинг янги стратегиясини тасдиқлашни режалаштирмоқда.

ЕП Украинага ёрдамни ва РФга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди

Европарламент 28 ноябр куни Украина бўйича кенг кўламли резолюцияни қабул қилди, унда у «Украина ғалабасигача» Киевга сиёсий, ҳарбий, гуманитар, иқтисодий ва молиявий ёрдам кўрсатишни кучайтириш ва тезлаштиришга чақиради. Ҳужжатни 390 киши ёқлаб чиқди, 135 нафари қарши бўлди ва 52 нафари бетараф эканини билдирди.

Европарламент ўз резолюциясида, хусусан, Европа Иттифоқи ва унинг давлатларидан Украинани самолётлар, узоқ масофали ракеталар, шу жумладан TAURUS, замонавий ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлашни, шунингдек, талабларни қондириш учун ваъда қилинган техника етказиб беришни тезлаштиришни сўраган.

Европарламент депутатлари барча Европа Иттифоқи давлатлари ва НАТО иттифоқчилари биргаликда ва якка тартибда Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олишлари, ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг камида 0,25 фоизини шу мақсадда сарфлашлари кераклигини таъкидладилар.

Европарламент Европа комиссиясидан Украина иқтисодиётини қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш ва сармоявий имкониятларни рағбатлантириш орқали қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни сўрайди. Европарламент депутатлари, шунингдек, Россиянинг фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, энергетикага мунтазам ҳужумлари натижасида миллионлаб украиналиклар асосий хизматларсиз қолишига жавобан ЕИнинг гуманитар ёрдамини сезиларли даражада ошириш зарур, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид