Жаҳон | 12:36 / 06.12.2024
31360
7 дақиқада ўқилади

Манҳэттенда шов-шувли қотиллик: гумонланувчининг аниқроқ сурати пайдо бўлди

Гумонланувчи уч кундан буён қидирилмоқда. Полиция уни қидиришда ёрдам берадиган маълумот учун 10 минг доллар мукофот пули ваъда қилган. 

Ню Йорк полицияси чоршанба куни шаҳар марказида Америкадаги UnitedHealthcare тиббий суғурта соҳасидаги энг йирик хусусий компания ижрочи директори Брайан Томпсонни ўлдиришда гумонланаётган шахснинг янги фотосуратини намойиш этди.

«Барча белгиларига кўра, бу тасодифий зўравонлик акти бўлмаган, — деб хабар берган шаҳар полиция бошқармаси. — Барчаси бу олдиндан режалаштирилган, қасддан амалга оширилган ҳужум бўлганини кўрсатмоқда».

Дастлабки тарқалган фотосуратларда гумонланувчининг фақат кўзини кўриш мумкин эди: юзнинг пастки қисми ниқоб остига яширинган. Янги тасвирда эса унинг юзи тўлиқ очилган.

BBC хабарига кўра, суратларда акс этганнинг шахсига аниқлик киритиш учун юзни таниш технологияси қўлланган.

Ню Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс журналистларни Томпсоннинг қотиллиги бўйича тергов «барқарор суръатда олиб борилаётгани»га ишонтириб, ҳатто тез орада илк қўлга олишлар ўтказилишига ваъда берган.

Шаҳарда учинчи кундирки кенг кўламли қидирув амалиёти ўтказилмоқда. Полиция гумондорнинг жойлашуви ҳақидаги маълумот учун 10 минг доллар миқдорида мукофот эълон қилган.

CBS News телекомпанияси хабар беришича, қотиллик жойидан топилган учта гилзада маркер билан қуйидаги сўзлар инглиз тилида ёзилган: «рад эт» (ингл. «deny»), «ҳимоялан» («defend») ва «ағдар» («depose»).

Бу сўзлар айнан нимани англатиши ҳақида ҳозирча хабар қилинмаган. Аммо полиция бу ёзувлар қотиллик мотивлари билан қандайдир боғлиқ бўлиши мумкинлигини ўрганмоқда.

Қотиллик қандай содир этилган?

50 ёшли Томпсон чоршанба тонгида Манҳэттендаги Hilton меҳмонхонаси олдида ўқотар қуролдан ўлимга олиб келадиган даражада оғир жароҳатланган.

Ҳужум қилган шахс жиноят жойидан яширинган. Полиция Томпсонни ўлдириш олдиндан режалаштирилган бўлганини тахмин қилмоқда.

Воқеа Манҳэттеннинг одамлар билан гавжум бўладиган қисмида, Таймс-сквер ва Марказий паркдан узоқ бўлмаган масофада содир бўлган. Шу куни Томпсон инвесторлар учун конференцияда чиқиш қилиши керак эди.

Полиция маълумотига кўра, ниқобдаги гумонланувчи Томпсонни конференция ўтказилган Hilton меҳмонхонаси ҳовлисида беш дақиқа давомида кутиб турган.

Томпсон бу ерга пиёда юриб келган. У меҳмонхонага яқинлашганида уч бор ўқ узилган. Ўқлар унинг елкасига ва оёғига теккан. Тадбиркорни шифохонага олиб боришган, бу ерда шифокорлар унинг ўлимини қайд этишган.

Ню Йорк полиция бошқармаси раҳбари Жозеф Кенни гумонланувчининг қуроли аввалига отилмай қолгани, лекин у носозликни бартараф этиб, ўқ отишда давом этганини айтган.

Видеокузатув камераларида жиноят саҳнаси муҳрланган, видеоёзувларда гумондор воқеа жойини қандай тарк этаётгани ҳам кўринган. Охирги марта уни Марказий паркда электр велосипедда кетаётганида кўришган.

Тергов

Томпсоннинг ўлдирилиши бўйича тергов полиция гумонланувчини аниқлаш учун фойдаланаётган бир неча далилга қаратилган.

Хусусан, гумонланувчи жиноят содир этишидан бир неча дақиқа олдин Starbucks кафеси яқинидаги кузатув камерасига тушиб қолган.

Тасвирда у ниқобланган бўлса-да, полициядаги манба ниқоб унинг юзини тўлиқ ёпиш учун етарли даражада кўтарилмаганини айтган. Бу терговчиларга юзни таниш алгоритмларини қўллашга имкон берган.

Бундан ташқари, полиция воқеа жойида топилган учта гилза ва патронлар орқали ДНК-таҳлил ўтказмоқда.

Гумонланувчи қочиб кетган йўл муюлишида мобил телефон ҳам топилган, полиция уни ҳам ўрганмоқда.

Терговчилар отишма жойига қўшни кўчада Томпсон тунаган Marriott меҳмонхонасидаги номер ҳам тинтув қилинишини маълум қилган.

Қотиллик мотиви ҳамон номаълум.

Полиция маълумотига кўра, Томпсон туғилган шаҳар — Миннесота штатидаги Мейпл-Гроувда — 2018 йилда унинг уйида яна бир шубҳали ҳодиса рўй берганди, аммо полиция жиноят таркиби аниқланмагани туфайли ишни ёпган.

Брайан Томпсон ким ўзи?

Томпсон 2004 йилда UnitedHealthcare тиббий суғурта компаниясида иш бошлаган ва кўплаб раҳбарлик лавозимларни эгаллаган, жумладан, компаниянинг давлат дастурлари билан шуғулланувчи бўлими бош директори бўлган.

Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳри чеккасида яшаган Томпсон 2021 йил апрелида UnitedHealthcare ижрочи директори лавозимига тайинланган.

Сўнгги йилларда унинг маоши миқдори йилига 10 млн доллар атрофида бўлган.

Бевасининг сўзларига кўра, Брайан Томпсон тиббий суғурта билан боғлиқ таҳдидлар олган.

Полетт Томпсон NBC билан суҳбатда шундай дейди: «Қандайдир таҳдидлар бўлганди. Мен аниқ билмайман, [тиббий] суғурта йўқлиги ҳақидами? Мен фақат шуни биламанки, у ўзига таҳдид қилаётган одамлар борлигини айтган».

Жорий йилда Томпсонга қарши инсайдерлик маълумотларидан шахсий ишларида фойдаланиш бўйича айблов қўйилганди.

2024 йил майида пенсия жамғармаси томонидан қўзғатилган коллектив даъвода у компания АҚШ Адлия вазирлиги текшируви остида эканидан хабар топгач, UnitedHealth’даги акцияларини 15 млн долларга сотгани айтилган.

Wall Street Journal’нинг феврал ойидаги бошқа суриштирувида айтилишича, тергов компания АҚШ монополияга қарши қонунчилигини бузган ёки йўқлигини текшираётганди.

UnitedHealthcare қандай компания?

UnitedHealth Group — суғурта компаниялари, тиббий хизматлар кўрсатувчи компаниялар ва дорихоналарни ўз ичига олган улкан компания. 2023 йилда унинг даромади 371 млрд доллардан ошиқ бўлган.

Суд ҳужжатларига кўра, сўнгги 10 йил мобайнида компания 35 дан ортиқ тиббий компанияларни сотиб олган.

АҚШ Адлия вазирлиги терговчилари компания ўз бозор кучидан рақобатни камайтириш, мижозлар ва ходимларга зарар етказиш учун фойдалангани ёки йўқлигини текширмоқда.

Ҳолливуд ўт ўчирувчилари пенсия жамғармаси Томпсон ва компаниянинг бошқа раҳбарларини компаниянинг  117 млн долларлик акцияларини сотишдан олдин тергов ҳақида инвесторларга хабар бермаганликда айблаб, судга берган.

Пенсия жамғармалари — катта миқдордаги акцияларни харид қилувчи узоқ муддатли инвесторлардир.

UnitedHealth’га қарши даъво ҳали кўриб чиқиш босқичида.

Мавзуга оид