Ўзбекистон | 20:11 / 06.12.2024
8782
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахсни афв этди

Афв этилган шахсларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 275 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 7 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

Фото: Максим Шеметов

Шавкат Мирзиёев «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан ҳамда Конституциянинг 109-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 275 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 7 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 94 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 25 нафарини чет эл фуқаролари, 32 нафарини аёл, 5 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 274 нафарини ёшлар (шулардан, 104 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

«Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид