Ўзбекистон | 10:31 / 06.12.2024
8563
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ССБга янги раҳбар тайинланди

Олдин ҳам шу лавозимда ишлаган Ботирбек Исабеков 2020 йилдан буён Тошкент шаҳар ССБга раҳбарлик қилиб келган Анвар Алимов ўрнини эгаллади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Ботирбек Абдулла ўғли Исабеков Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ботирбек Исабеков 2001 йили Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг бакалавриат, 2003 йили Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг ординатура босқичларини тамомлаган. 

Меҳнат фаолияти давомида Учтепа туманидаги 30-сон оилавий поликлиника ҳамда ушбу туман тиббиёт бирлашмасида бош шифокор муовини, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи каби масъул лавозимларда ишлаган.
 
Б. Исабеков тайинловга қадар Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди. 

Бундан олдинроқ 2020 йилдан буён Тошкент шаҳар ССБга раҳбарлик қилиб келган Анвар Алимов академик Ё. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига ўтказилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид