Ўзбекистон | 13:54 / 06.12.2024
8851
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Хўжакентга янги электропоезд йўлга қўйилди

Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоездни кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг ўтган йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти трансформация қилинмоқда. Жамият таркибида инфратузилма, вагон хизмати, йўловчи ташиш кабилар билан шуғулланувчи 6 та мустақил корхона иш бошлади

Поездлар парки ҳам кенгайтирилмоқда. Айниқса, йўловчи ташишда аҳоли ва туристларга қулайликлар оширилмоқда. Янги поездлар олиб келинди. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларга “Афросиёб” электропоездларининг қатновлари кўпайтирилди. 

Ўтган даврда 3 минг километрдан зиёд темирйўллар электрлаштирилди. Бухоро – Урганч – Хива темирйўл тармоқларини электрлаштириш якуний босқичда. Мискин – Нукус йўналишида жадал давом эттирилмоқда. Тошкент атрофида ҳам электрлашган йўл қурилиб,  поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди.

Энди “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоезд қатновга қўйилмоқда. Давлат раҳбари ушбу поездга чиқиб, ҳаракатланиши ва қулайликларини кўрди.

Вагонлар шинам ва ёруғ, йўловчилар учун қулай. Ўриндиқлар сони 586 та. Маълумот таблолари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўрнатилган. Поезд соатига 120 километргача тезликка чиқа олади. Ҳар бир тарафга кунига учтадан қатнов йўлга қўйилади.

Сафар чоғида давлат раҳбари темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, темирйўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглади.

Тошкент ва Хожикент оралиғидаги темирйўлга туташ майдонларни 2025 йилги реновация дастурига киритиб, уларни тартибга келтиришга кўрсатма берилди. Йўналишдаги эгри қисмларни тўғри қилиб қайта қуриш орқали кунлик экспресс поездлар қатновини кўпайтириш ва кўпроқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш топширилди. 

"Яшил макон" лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Темирйўл четларини кўкаламзорлаштириш, сув ресурслари чекланган ҳудудларда хорижий тажриба асосида қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни экиш, чет элдан фақат маҳаллий иқлимимизга мос бўлган кўчатларни келтириш зарурлиги қайд этилди.

Мавзуга оид