Жамият | 16:30 / 09.12.2024
17795
3 дақиқада ўқилади

Умрага ноқонуний юборган туроператорлар жавобгарликка тортилди

Лицензияга эга бўлмасдан умра хизматини кўрсатиш билан шуғулланган юридик шахслар аниқланиб, иш қўзғатилди.

Фото: Видеодан кадр

Дин ишлари бўйича қўмита умра тадбирларини ноқонуний ташкил этган туроператорлар жавобгарликка тортилаётганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, Саудия Арабистонига бориб, Маккада меҳмонхонадан чиқариб юборилган ҳамда қайтиш учун авиачиптага эга бўлмаган ўзбекистонлик ва тожикистонлик 93 нафар фуқародан қўмитага мурожаат келиб тушган. Таъкидланишича, зиёратчилар тегишли лицензиясиз, ноқонуний фаолият олиб бораётган Yusro Tour, Мuslim Travel, Меtа Travel ҳамда Elchi Travel туроператорлари орқали Саудия Арабистонига борган.

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари томонидан ҳолат ўрганилганда, туроператорлар томонидан меҳмонхона пуллари тўлаб берилмагани сабабли зиёратчилар меҳмонхонадан чиқариб юборилгани аниқланган. Туроператор меҳмонхонадан 35 минг доллар миқдорида қарздор бўлган.

Саудия Арабистонида қолиб кетган фуқаролар қайтарилиб, умра тадбирларини ноқонуний ташкил этганларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноий иш қўзғатилган.

Хусусан, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Ultra Parvoz, Тошкент шаҳридаги Yasin Travel турфирмаси лицензияга эга бўлмасдан фуқароларни зиёратга юборган. Турфирмаси фуқароларга Саудия Арабистонининг бир йиллик сайёҳлик электрон визасини расмийлаштириб берган.

Турфирма вакиллари ўзбекистонликларнинг Саудияга бориш-қайтиш авиачипталарининг электрон нусхасини берган. Бироқ Жидда—Тошкент йўналишидаги бу авиачипталар қалбаки бўлиб чиққан. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Наманган вилоятида Atlas Travel турфирмаси 30 нафар фуқарони умрага юбориш учун авиачипта ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 31900 доллар олиб, 8 ноябр куни Тошкент—Дубай—Жидда йўналишида Саудия Арабистонига юборган. Бироқ фуқароларнинг қайтиши учун авиачипталарни расмийлаштирмасдан 8900 долларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Фарғона вилоятидаги Маhdiy Travel, Parvoz Ekspress ҳамда «Muhayyo 22−10» турфирмалари ҳам фуқароларга тегишли лицензиясиз ноқонуний фаолият кўрсатган. Оқибатда иккита фирма раҳбари ва бир нафар фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ, умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ҳукумат қарори билан лицензия учун бир қанча талаб ва шартлар жорий этилди. Шундан сўнг, Диний қўмита умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берган эди.

Лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан умра хизматини кўрсатиш БҲМ 200 баравари (75 миллион сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлиши белгиланган.

Мавзуга оид