АҚШ биринчи марта баллистик ракетани муваффақиятли тутиб қолди
Тинч океанидаги Гуам оролида ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракета синови ўтказилди ва АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ушбу ракетани тутиб қолишга муваффақ бўлди.
АҚШ Ракетага қарши мудофаа агентлиги (MDA) илк бор ҳаводан учирилган баллистик ракетани муваффақиятли тутиб қолди. Бу ҳақда Пентагон матбуот хизматига таяниб, Reuters хабар берди.
Қайд этилишича, Тинч океанидаги Гуам оролида ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракета синови ўтказилган. Синов давомида Aegis Guam ракетага қарши мудофаа тизими Американинг RTX компанияси томонидан ишлаб чиқарилган SM-3 Block IIA ракетасини учирган. У АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Андерсендаги базаси яқинида нишонни тутиб қолган.
Агентликка кўра, ушбу синов Гуам мудофаа тизимини такомиллаштириш ташаббусининг бир қисми ҳисобланади.
Гуам Тинч океанининг ғарбий қисмида жойлашган ва АҚШнинг «қўшиб олинмаган ҳудуди» мақомига эга. У ердан Хитойгача бўлган масофа 3 минг километрга тенг. Орол АҚШнинг минтақадаги иштирокини таъминлашда ва потенциал рақибларни тутиб туришда муҳим рол ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, Россия 21 ноябр куни Украинага ўрта масофага мўлжалланган «Орешник» экспериментал баллистик ракетасини учирган эди. Ўшанда РФ президенти Владимир Путин «бу каби ракетага қарши ва уни тутиб қолувчи воситалар бугунги кунда дунёда йўқ, мавжуд эмас»лигини маълум қилганди.
Мавзуга оид
17:05
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
15:04
Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Беларусни зудлик билан тарк этишга чақирди
12:27
Ўзи овқатлантириб, ўзи тозалайди: қушлар учун ақлли қафас тақдим этилди
22:10 / 23.12.2024