Ўзбекистон | 15:37 / 10.12.2024
906
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 9 та ҚЭС ва битта ШЭС "яшил" энергия ишлаб чиқармоқда

Кувайтнинг араб тилидаги Q8 Press электрон нашрида "Ўзбекистон "яшил" энергия ривожланишини қўллаб-қувватламоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

"Сўнгги 7 йил давомида Ўзбекистонда "яшил" иқтисодиётни, айниқса, "яшил" энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қайта тикланадиган энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилди", – деб таъкидланган мақолада.

Нашрда халқаро компаниялар билан умумий қуввати 20630 мегаватт (қуёш фотоэлектр станциялари учун 7630 мегаватт ва шамол электр станциялари учун 13000 мегаватт) бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича 38 та шартнома имзолангани хабар қилинган.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон президенти томонидан 29 та қарор имзоланиб, бугунги кунда умумий қуввати 1700 МВт бўлган 7 та қуёш фотоэлектр станцияси ва умумий қуввати 900 МВт бўлган 3 та шамол электр станцияси лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ушбу инвестиция лойиҳалари Саудия Арабистони подшоҳлиги (АCWА Pоwеr), Бирлашган Араб Амирликлари ("Масдар", TeplingGrouap AG ва Solar Power Shine), Франция (Totel Ering) ва Хитой (Gizhouba Overseas Investment, China Datang Overseac Investment ва Universal Energy) компаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 21,121 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, уларнинг барчаси тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида жами қуввати 2,7 ГВт бўлган 9 та қуёш электр станцияси ва битта шамол электр станцияси яшил энергия ишлаб чиқармоқда.

2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 5 минг МВтга, 2030 йилга келиб эса 18 минг МВтдан ошади.

"Ушбу "яшил" лойиҳалар ишга туширилгач, мамлакатда 2030 йилгача ҳар йили 50 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу эса йилига қарийб 15 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Бундан ташқари, атмосферага 21 миллион тонна зарарли газлар кириб келишининг олди олинади. Бу 2030 йилга бориб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 40 фоизга қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинади, дегани", – деб ёзган Q8 Press.

Мавзуга оид