Bloomberg: Оқ уй Россия нефтига қарши янги санкциялар тайёрламоқда
Трамп қайтишидан олдин Байден маъмурияти Россияга қарши «қатъий ҳаракатларга очиқ», деб ёзади Bloomberg.
АҚШнинг лавозимидан кетадиган президенти Жо Байден маъмурияти Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши арафасида Кремлга босимни кучайтириш учун Россия нефт экспортига нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg 11 декабр, чоршанба куни ёзмоқда.
Эҳтимолий янги чекловлар тафсилотлари ҳали ишлаб чиқилмоқда, бироқ жараён билан таниш бўлган бир неча манба Bloomberg агентлигига айтганидек, санкциялар Россия Федерациясидан нефт экспортининг бир неча турларига таъсир қилиши мумкин. Агентлик қайд этишича, Байден маъмурияти, айниқса, президентлик сайловлари арафасида энергия нархи ошишидан қўрқиб, бу қадам бўйича узоқ вақт иккиланган. Бироқ, нефт нархининг тушиши ва Трамп Украинани Россия Федерациясига ён босишга мажбурлаши мумкинлигидан хавотир кучайиб бораётган бир пайтда, Байден маъмурияти «энди янада қатъийроқ ҳаракатларга тайёр», деди Bloomberg манбалари.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, Оқ уй соядаги флотга қаратилган янги санкцияларни жорий этиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда, унинг ёрдамида Москва Россия нефтига нисбатан нарх чегарасини четлаб ўтади. Қайд этилишича, яқин ҳафталарда янги чекловлар жорий этилиши мумкин, бундан ташқари, Европа Иттифоқи ҳам худди шундай чораларни кўришни режалаштирмоқда. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ва Молия вазирлиги вакиллари изоҳ беришдан бош тортди, деб ёзади Bloomberg.
WP: РФнинг дронлар билан муаммолари санкциялар самарасидан дарак беради
Россия томонидан Украинага қарши урушда қўлланаётган "Герань-2" учувчисиз учиш аппаратлари билан боғлиқ техник носозликлар Москвага нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг самарасини кўрсатади. Бу ҳақда Американинг The Washington Post (WP) газетаси 5 декабр куни ўз исмларини кўрсатмасликни истаган ғарбий ва украиналик ҳарбий таҳлилчиларга таяниб ёзди.
Эроннинг Shahed-136 учувчисиз учоғининг русча версияси бўлган дронлар бир неча ҳолларда кескин бурилишлар пайтида назоратдан чиқиб кетган. Баъзилари қулаган, бошқалари эса йўналишни тўғрилаган, аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг осон ўлжасига айланган, дея тушунтиради нашр. WP суҳбатдошлари УУАнинг ноодатий хатти-ҳаракатлари кучайишини паст сифатли компонентлар, яъни учувчисиз учоқ парвоздаги ҳаракатини тартибга солишга ёрдам берадиган моторча билан боғлашди.