Жаҳон | 17:04 / 11.12.2024
2781
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди

Атирау вилоятида Сибир куйдиргиси аниқлангач, чорва моллари учун карантин чоралари жорий этилди.

Фото: Depositphotos

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Атирау вилоятида Сибир куйдиргиси касаллиги аниқлангани муносабати билан бошқа мамлакатларга гўшт етказиб беришга карантин жорий қилиш имкониятига изоҳ берди.

«Биз ҳозир талабларни кучайтирмоқдамиз, ишимизни кучайтирмоқдамиз, аслида, Атирау вилоятида сўйиш жойида чорва моллари нобуд бўлди, биз у ерда карантинни жорий қилдик, барча зарур дезинфекция тартиб-қоидаларини ўрнатдик, ҳозир эса вазиятни назорат остида ушлаб турамиз», деб ишонтирди Сапаров.

Вазир ветеринария назорати чоралари кучайтирилганини ҳам таъкидлади. Янги қоида жорий этилди, унга кўра, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга олиб ўтилаётган ҳайвонлар ҳар бир ҳудудда етти кун карантинда бўлиши керак.

«Илгари қорамоллар вилоятдан вилоятга карантинсиз ташилган, энди 7 кунлик карантин жорий қилинди, ветеринария шифокорлари алоҳида молхоналарда чорванинг ҳолатини текширади», деб тушунтирди у.

12 ноябр куни Атирау вилояти чорва бозорида сигир нобуд бўлган ва унга Сибир куйдиргиси ташхиси қўйилган эди. Кейинроқ «Асил-Агро» қассобхонаси ишчиларидан бири Сибир куйдиргиси билан касалланди. Ноябр ойининг охирида унинг яна бир ҳамкасби шифокорларга мурожаат қилди.

Мавзуга оид