Жаҳон | 15:52 / 11.12.2024
4699
2 дақиқада ўқилади

Саратов областида ҳарбий аэродромга ҳужум ҳақида маълум қилинди

Россия ҳарбийлари ҳарбий аэродромга УУА ҳужумининг олдини олди, деди Саратов области губернатори. Унинг сўзларига кўра, вайроналар ва қурбонлар йўқ.

Фото: Maxar / Reuters

Саратов области губернатори Роман Бусаргин 10 декабр, сешанба куни минтақадаги ҳарбий аэродромга учувчисиз учоқ ёрдамида ҳужум қилинганини маълум қилди. Ҳужумнинг олди олинди, дронлар йўқ қилинди, дейди у. «Барча зарур фавқулодда хизматлар ишламоқда», — деб ёзди Бусаргин Telegram-каналида. У гап қайси аэродром ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча Саратов областидаги дронлар ҳақида хабар бермаган. Украина, шунингдек, Россия ҳудудига учувчисиз учоқ ҳужуми уюштирилгани ҳақидаги хабарга изоҳ тақдим этмади.

Украинага қарши зарбалар «Энгелс-2» авиабазасидан амалга оширилмоқда

Саратов областининг Энгелс шаҳрида Россия Аэрокосмик кучларининг «Энгелс-2» авиабазаси жойлашган бўлиб, у ерда стратегик бомбардимончи самолётлар жойлашган. Украина қуролли кучлари Энгелсдан самолётлар Украина ҳудуди узра ракеталарни учираётганини бир неча бор таъкидлаган.

Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери ушбу аэродром бир неча бор Украина ҳужумларига учраган. Охирги ҳолатлардан бири 2024 йил август ойининг охирида содир бўлди.

Ноябр ойи бошида Саратов нефтни қайта ишлаш заводига дрон ҳужуми натижасида мазут резервуари ва технологик блоклардан бири ёниб кетди. Бир неча кундан сўнг, УУА ҳужуми хавфи туфайли Саратовдаги Гагарин аэропорти фаолиятини вақтинча тўхтатди.

Мавзуга оид