Суриянинг вақтинча бош вазири барқарорлик ва осойишталикка чақирди
Суриядаги ўтиш даври ҳукумати раҳбари Муҳаммад ал-Башир собиқ президент Башар Асад режими ағдарилгач, сурияликлар учун «барқарорлик ва осойишталикдан баҳраманд бўлиш» даври келганини айтди.
Исёнчиларнинг Идлиб вилоятидаги маъмуриятининг собиқ раҳбари ал-Башир «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (HTS) гуруҳи ва унинг иттифоқчилари унга мамлакатни 2025 йил мартига қадар бошқариш вазифасини топширганидан кейин Қатарнинг Al Jazeera телеканалига интервю берди.
Сешанба куни у Дамашқда янги ўтиш даври ҳукумати аъзолари ҳамда Асад давридаги собиқ ҳукумат вакилларини йиғди, унда ҳукуматни топшириш масаласи муҳокама қилинган.
«Бугун вазирлар кабинети йиғилишини ўтказдик ва биз Сурия халқига хизмат қила оладиган конституциявий тизимга эга бўлгунимизга қадар кейинги икки ой мобайнидаги ишни осонлаштириш учун эски ҳукумат аъзоларини ҳамда Идлиб ва унинг атрофидаги ҳудудлар маъмуриятининг айрим раҳбарларини таклиф қилдик», — деган ал-Башир Al Jazeera билан суҳбатда.
«Биз Сурия халқига хизмат қила олиши учун муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бошқа учрашувлар ҳам ўтказдик», — дея қўшимча қилган у.
Бунга қадар Муҳаммад ал-Баширни Суриянинг исёнчилар назоратида бўлиб келган шимоли-ғарбдаги ҳудудлардан ташқарида кўпчилик танимасди. Унинг резюмесига кўра, у муҳандис-электрик сифатида таълим олган ва фуқаролик уруши бошлангунига қадар газни қайта ишлаш заводларида ишлаган.
Январ ойида Башир исёнчилар мамлакат шимоли-ғарбидаги ҳудудларни бошқариш учун ташкил этган Сурияни қутқариш ҳукумати (SG) бош вазири этиб тайинланганди.
Бу тузилма амалда ўз вазирликлари, департаментлари, суд ва хавфсизлик органлари, шунингдек, диний кенгашига эга бўлган кичик муқобил давлат эди. SG тўрт млн атрофида одам яшаган ҳудудни назорат қиларди, бу одамларнинг аксари мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келиб ўрнашганди.
«Бу тўғри, Идлиб — катта ҳудуд эмас, ресурс етишмовчилиги мавжуд, аммо улар [SG мулозимлари] барчасини нолдан бошлаб, жуда катта тажрибага эга бўлишган», — деган HTS етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланий душанба куни Дамашқдаги учрашувда эндиликда собиқ бош вазир Муҳаммад ал-Жалолийга.
Дамашқда сешанба куни дўкон ва банклар очилди, транспорт ҳаракати тикланди, фаррошлар кўчаларни ювиш учун чиқишди, қуролланган кишилар эса камайиб қолди, дея вазиятни тасвирлайди Reuters.
BBC мухбири Лина Синжаб Сурия пойтахтидан хабар қилишича, ҳозирга келиб одамлар ўзининг кундалик ҳаёт тарзига қайтган: «Дўконлар очилган ва биз давлат хизматчилари ишга қайтаётганига гувоҳ бўлдик». Сотувчилардан бири шундай ейди: «Энди ҳавода кислород бор».
BBC мухбирининг сўзларига кўра, сурияликлар Исроилнинг Асад режими қулаши билан бошланган авиазарбаларидан норози.
Бу вақтда Асадни ағдарган исёнчилар мамлакат шарқидаги Дайр-аз-Зор шаҳрини ҳам ўз назоратига олишди. Чоршанба куни ҳолатига бу ерни курд кучлари тарк этишган. Бу нефтга бой ҳудуд бўлиб, шу туфайли янги ҳукумат учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
HTS етакчиси, омма қаршисидаги чиқишларида ҳақиқий исми-шарифи Аҳмад ал-Шаръадан фойдаланишга ўтган ал-Жўланий аввалроқ сурияликлар қийноққа солинишига алоқадор бўлган ва ҳарбий жиноятлар содир этган юқори мартабали мулозимларни жавобгарликка тортишга ваъда берганди.
Сешанба куни у Sky News телеканалига берган интервюсида мамлакат урушдан чарчагани ва энди унга қайтмоқчи эмаслигини айтиб, Сурия келажаги борасидаги хавотирларни аритишга уринди.
У шунингдек хорижий давлатларни ҳам хотиржам қилишга уринган. «Қўрқув [Асад] режими туфайли эди. Мамлакат ривожланиш ва тикланиш томон ҳаракатланмоқда. Барчаси барқарорлик томон кетмоқда», — деган ал-Жўланий.
Сешанба куни БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен Женевада журналистлар билан суҳбатда «Сурия жамоатчилиги ва Сурия партиялариннг имкон қадар кенг доираси иштирок этиши»ни таъминлаш учун ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш зарурлигини айтди. «Агар бундай бўлмаса, биз янги можаро хавфи остида қоламиз», — деган у.
Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Кая Каллас ҳам конфессиялараро зўравонлик ва экстремизм уйғониши хавфидан огоҳлантирди. «Биз Ироқ, Ливия ва Афғонистонда даҳшатли сценарийлар такрорланишидан қочишимиз лозим», — деган у.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон агар озчиликни ҳурмат қиладиган, ишончга сазовор ва инклюзив жараёнда шаклланса, Суриянинг бўлғуси ҳукуматини тан олиши ва қўллаб-қувватлашини айтган. «Сурия келажагини Сурия халқи белгилаши керак. Барча мамлакатлар инклюзив ва шаффоф жараённи қўллаб-қувватлашга ҳамда ташқи аралашувдан қочишга ваъда бериши керак», — деган у.
Бу вақтда Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий чоршанба куни Эронда гўёки Асаднинг ағдарилиши АҚШ, Исроил ва Сурияга қўшни бўлган яна бир давлатнинг ҳаракатлари натижаси бўлганини айтди, у учинчи давлат номини очиқламаган. Вашингтон Суриядаги режим қулаганига алоқадорлигини рад этади.
Хоминаий сентябрдан буён Теҳрон Асадни таҳдидлар ҳақида огоҳлантиргани, аммо бу огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилганини қўшимча қилган.