Жамият | 19:21 / 14.12.2024
4178
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувондаги савдо дўконларида ёнғин чиқди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги савдо дўконларида ёнғин чиқди. Ҳодиса жойига ФВБ, ИИБ, прокуратура ва барча ФВДТ хизматлари раҳбариятлари жалб қилинган.

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ғиждувон туманидаги савдо дўконларида содир бўлаётган ёнғин юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, бугун, 14 декабр куни соат 16:40 да Ғиждувон тумани «Дегрезон» МФЙ йўли ёқасидаги савдо дўконларида ёнғин бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган. Хабарга асосан зудлик билан тўртта ёнғин-қутқарув автоэкипажи жалб қилинган ва соат 17:48 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Таъкидланишича, воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ, прокуратура ва барча ФВДТ хизматлари раҳбариятлари жалб қилинган. Ёнғин оқибатида фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган.

«Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарари бўйича ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида идора ёнғин Ғиждувон бозорида эмас, балки йўл ёқасидаги савдо дўконларида юз бераётганини қайд этиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини нотўғри маълумот тарқатмасликка чақирди.

Мавзуга оид