Жаҳон | 13:52 / 14.12.2024
7548
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президентига импичмент эълон қилинди

Жанубий Корея парламентида президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш масаласи бир ҳафта ичида иккинчи марта овозга қўйилди. Бу сафар 204 депутатнинг маъқуллаши, 85 аъзонинг қарши овоз бериши билан президент ўз лавозимига нолойиқ деб топилди. Миллий Ассамблеянинг ушбу қарори кучга кириши учун уни Конституциявий суд тасдиқлаши талаб этилади.

Фото: Корея президентининг матбуот хизмати / Getty Images

14 декабр кунги овоз беришда ҳукмрон “Халқ қудрати” партияси президентдан юз ўгиргани ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Президентнинг партияси 7 декабр кунги импичментни бойкот қилган, натижада мухолифат давлат раҳбарини лавозимидан четлатишга эриша олмаганди.

Ҳукмрон партия ўтган бир ҳафта давомидаги намойишлар фонида президентни қўлламасликка қарор қилди.

Импичмент тўғрисидаги қарорнинг Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилиши 6 ойгача давом этиши мумкин. Судялар импичментни ё тасдиқлаши, ёки Юн Сок Ёлни лавозимига тиклаши керак.

Корея Республикаси Миллий ассамблеясида президентга импичмент масаласи кўриб чиқилмоқда. 14 декабр / Фото: Woohae Cho / Pool Photo via AP

Жанубий Кореядаги намойишлар 3 декабр куни президент Юн Сок Ёш кутилмаганда ҳарбий ҳолат эълон қилиши ортидан бошланган эди. У халққа мурожаатида ушбу қарорини мухолифатнинг “давлатга қарши фаолияти” билан изоҳлаганди. Аммо ҳам мухолифатдаги Демократик партия, ҳам ҳукмрон “Халқ қудрати” партиясининг қаршилиги билан, парламент бир неча соат ичида ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берганди.

Шундан кейин президент ўз фикрини ўзгартириб, ҳарбий ҳолатни бекор қилди, кейинчалик халқдан узр сўради.

8 декабр куни мудофаа вазири Ким Ён Хён ҳибсга олинди, кейинроқ у тергов изоляторида ўз жонига қасд қилишга урингани маълум бўлди.

Собиқ мудофаа вазиридан ташқари, президент Юн Сок Ёл ва бошқалар ҳам давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Тергов доирасида давлат раҳбарига мамлакатдан чиқиш тақиқланган.

У ҳарбий ҳолат жорий этилишини “юқори аниқликда ўйланган сиёсий қарор” деб атаб, ўз президентлик ваколатидан “миллатни ҳимоя қилиш ва давлат ишларини нормаллаштириш” учун фойдаланганини билдирган. Президент ҳукуматнинг иши мухолифат томонидан “фалажлаб қўйилгани” учун шундай қарорга келганини айтиб, истеъфога чиқишдан бош тортган ва “охиригача куришиши”ни таъкидлаган.

Юн Сок Ёл – Жанубий Кореянинг 13-президенти. У 2019-2021 йилларда мамлакат бош прокурори бўлган, 2022 йилги сайловда ғолиб бўлиб, президент лавозимини эгаллаган.

Мавзуга оид