Жаҳон | 09:21 / 14.12.2024
17549
2 дақиқада ўқилади

РФ Ғарбий Украинага уруш бошланганидан бери энг йирик ҳужумни амалга оширди

13 декабрга ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига 93 та ракета ва 200 га яқин учувчисиз учиш аппарати учирди. Ракеталарнинг бир қисми F-16 қирувчи самолётлари томонидан уриб туширилган, деди президент Володимир Зеленский.

Фото: AFP

Украинанинг ғарбий ҳудудлари кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россия армиясининг энг катта ҳужумига дучор бўлди. Бу ҳақда 13 декабр, жума куни маҳаллий ҳокимият маълум қилди.

Ғарбий Украинага ҳужум

«Бугун эрталаб Карпаторти тўлиқ миқёсли уруш пайтида энг катта ҳужумга дучор бўлди, тонг саҳарда душманлар ҳужумкор самолётлар ва қанотли ракеталарни қўллади», — дейди Ивано-Франкивск ОҲМ раҳбари Светлана Онишчук Telegramʼда. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар йўқ, бироқ ракеталарнинг бир қисми ўз мақсадига етган.

«Душман бизнинг минтақамиздаги энергетика объектларига ҳужум қилди», — деди Лвив области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Максим Козицкий. Унинг қайд этишича, ўққа тутиш сабабли минтақада электр таъминотидаги узилишлар жадвалида ўзгаришлар бўлади. Ўққа тутилгани ҳақида Украинанинг Кировоград ва Тернопил областлари ҳарбий маъмуриятлари раҳбарлари ҳам хабар беришган.

Украина Энергетика вазирлигининг хабар беришича, бу жорий йилда мамлакатнинг фуқаролик энергетика инфратузилмасига қилинган 12-катта ҳужумдир. Бугунги кунда энергия таъминотига қўшимча чекловлар жорий этилди. ДТЭК энергетика ҳолдинги иссиқлик электр станцияларига ҳужум уюштирилгани ва ускуналар жиддий шикастлангани ҳақида хабар берди. Гап қайси минтақа ҳақида кетаётгани аниқлаштирилмаган.

Мавзуга оид