Жанубий Корея президенти лавозимидан вақтинча четлатилди
Мамлакат Конституциявий суди унинг ўз вазифаларини бажаришда давом этиши ёки йўқлиги ҳақида қарор қабул қилади.
Миллий Ассамблея томонидан импичмент эълон қилинган президент Юн Сок Ёл бу масала Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилгунга қадар лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.
Жанубий Корея бош вазири Хан Дук Су муваққат президент вазифасини бажаради.
Конституциявий суд баёнотига кўра, президентга нисбатан импичмент эълон қилиш ҳақидаги Миллий Ассамблея қарори судга тақдим этилган ва қарорни муҳокама қилиш жараёни бошланган. Бу масала бўйича йиғилиш 16 декабр куни ўтказилади, деб хабар берди Anadolu.
Жанубий Кореяда Конституциявий суд президентга импичмент жараёни билан боғлиқ далилларни тинглаш ва баҳолаш учун 6 ойга муддатга эга. Агар суднинг 9 нафар судясидан 6 нафари қарорни маъқулласа, президент лавозимидан четлатилади. Сўнгра, 60 кун ичида янги президент сайланиши керак. Бу тартиб давлат раҳбари истеъфога чиққан тақдирда ҳам амал қилади.
Юн Сок Ёл – Жанубий Кореянинг 13-президенти. У 2019-2021 йилларда мамлакат бош прокурори бўлган, 2022 йилги сайловда ғолиб бўлиб, президент лавозимини эгаллаган. 3 декабр куни у кутилмаганда ҳарбий ҳолат эълон қилди. У халққа мурожаатида ушбу қарорини мухолифатнинг «давлатга қарши фаолияти» билан изоҳлади. Аммо мухолифатдаги Демократик партия ва ҳукмрон «Халқ ҳокимияти» партиясининг қаршилиги билан, парламент бир неча соат ичида ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берди. Шундан кейин президент ўз фикрини ўзгартириб, ҳарбий ҳолатни бекор қилди, кейинчалик халқдан узр сўради.
Юн Сок Ёлга нисбатан давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бўйича тергов бошланди. Тергов доирасида давлат раҳбарига мамлакатдан чиқиш тақиқланди.
Мавзуга оид
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
21:54 / 17.12.2024
Жанубий Корея Тошкент—Самарқанд темирйўлининг янги тармоғини лойиҳалаштиришни бошлади
16:45 / 17.12.2024
Жанубий Кореяда армия бош штаби бошлиғи ҳибсга олинди
11:00 / 17.12.2024