Жаҳон | 19:20 / 15.12.2024
14094
3 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Грознийдаги базага ҳужум қилди

Чеченистонга декабр ойи бошидан буён учинчи бор ҳужум қилинмоқда. Қодиров Россия армияси бунга жавобан Харкивдаги украин ҳарбийларига зарба берганини айтди.

15 декабр тонгида Украинанинг учувчисиз учар қурилмалари сўнгги ҳафта давомида иккинчи бор Грознийга учиб келди. Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ҳужумда украинларнинг учта дрони иштирок этганини айтган. Унинг сўзларига кўра, учувчисиз учар қурилмалардан бири Росгвардиянинг «Ахмат-Грозний» ОМОН базаси ҳудудига қулаган, қолган икки дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган. Чеченистон раҳбари ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқлигини айтган.

Шу билан бирга, чечен мухолифатчиларининг NIYSO телеграм-канали шаҳарда камида бешта портлаш рўй берганини хабар қилган. NIYSO маълумотига кўра, украин дронлари ҳужуми нишони ОМОН базаси, Чеченистон ИИВ патрул-пост хизматининг иккинчи полки ҳамда одамлар Украинадаги урушга юбориладиган ҳарбий база бўлган. Қодиров ҳам, бошқа манбалар ҳам кейинги икки объектга ҳужум ҳақида хабар бермаган.

Чеченистон раҳбари «ҳудуддаги нишонларга ҳужумларга жавобан янада аниқроқ ва қаттиқроқ қасос зарбалари йўлланиши»ни айтган. Унинг айтишича, ҳужумдан кейин россиялик ҳарбийларга разведка аниқлаган, Харкивдаги объектлардан бирининг ҳудудида украин армиясининг кўплаб ҳарбийлари тургани тўғрисидаги оператив маълумот узатилган. Қодировнинг ёзишича, Москва вақти билан соат 12:00 да Россия армияси Харкив бўйлаб «Искандер» комплексидан иккита ракета учирган, бунинг натижасида гўёки 200 нафар атрофидаги украин ҳарбийси ҳалок бўлган. Қодиров сўзларига ҳеч қандай далил келтирмаган, бу маълумот бошқа мустақил манба орқали ҳам тасдиқланмаган.

Россия чиндан ҳам худди шу вақтда Харкив бўйлаб зарба берди. Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маҳаллий вақт билан соат 11:11 да (Москва вақти билан 12:11) россиялик ҳарбийлар Харкивнинг Киев районига зарба йўллагани, натижада 48 ёшли аёл яралангани тўғрисида хабар қолдирган. Харкив шаҳри раҳбари Игор Терехов эса россиялик ҳарбийлар зарбаси «турар жой бинолари жойлашган ҳудуд»га келиб тушгани, аммо уйларга тегмаганини айтган. «Зарба ерга келиб урилган», — дея ёзади Терехов.

Украинанинг учувчисиз учар қурилмалари Чеченистонга илк бор 2024 йил 29 октябрида учиб келганди, декабр ойида эса ҳудудга ҳужумлар кучайди. Бунгача 4 ва 12 декабр кунлари ҳам ҳужум ҳақида хабарлар берилганди: икки ҳолатда ҳам дронлар Грознийдаги Қодировнинг қароргоҳидан тўрт километр масофада жойлашган, Ахмат Қодиров номидаги полиция махсус полки базасига келиб урилган. 12 декабр кунги зарба оқибатида тўрт нафар полициячи яраланган.

Мавзуга оид