Ўзбекистон | 12:07 / 16.12.2024
24282
2 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг биринчи ярми ёғингарчиликсиз ўтиши кутиляпти

Ўзбекистон бўйича 16–20 декабр кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Ёғиб ўтган қордан сўнг Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қор қоплами ҳосил бўлди. Бугун эрталаб ҳаво ҳарорати –8...–13, айрим жойларда –15, энг чекка жанубда –4...–6 даражагача пасайди.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, бугун кундузи республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 0...–5, шимолда ва жанубда баъзи жойларда +2 даражагача бўлади.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво 19 декабр кунига қадар сақланиб туради. Фақат 19 декабр, чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларида ёғингарчилик бўлади.

Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17 декабр куни кечаси –8...–13, кундуз куни эса ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди. 19 декабрга бориб ҳарорат кечаси 0...–2, кундуз куни +5...+7, жанубда баъзи жойларда +10 даражагача кўтарилади.

20 декабр, жума куни Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Кундуз кунги ҳарорат 0...+3 даражагача пасаяди.

Республиканинг айрим жойларига кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. 18–20 декабрда баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучаяди.

Тошкент шаҳрида: 16–19 декабр кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари –10...–12 даражадан 0...–2 даражагача, кундуз кунлари –3...–5 даражадан +5...+7 даражагача аста-секин кўтарилади.

20 декабрда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 0...+2 даража бўлади.

Мавзуга оид