Жаҳон | 10:44 / 16.12.2024
2020
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президентининг партияси раҳбари истеъфога чиқди

«Фуқаролик кучи» раиси Хан Донг Хун Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилишидан жабр кўрганлардан узр сўради.

Хан Донг Хун Фото: AP / Ahn Young-joon

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилинган бир пайтда, «Фуқаролик кучи» партияси раиси Хан Донг Хун истеъфога чиқишга ариза берди. Бу қарорни 16 декабр, душанба куни Сеулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ағдарилган президентни очиқ қўллаб-қувватловчи фракцияни ўз ичига олган партия раиси шахсан маълум қилди.

Хуннинг сўзларига кўра, у «олий кенгашнинг фактик қулаши» туфайли энди партия етакчиси сифатида ишлай олмайди, унинг аъзолари ҳам аввалроқ истеъфога чиқишларини эълон қилган, деб хабар берди Жанубий Кореянинг KBS World медиа-компанияси. Шунингдек, сиёсатчи декабр ойи бошида Юн Сок Ёлнинг Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этиш қароридан «жабрланган» мамлакат фуқароларидан узр сўради.

«Фуқаролик кучи» учта фракцияни ўз ичига олади, улар бошқа нарсалар қаторида Юн Сок Ёл билан муносабатлари билан ажралиб туради. Шартли равишда уларни блокка энг катта таъсир кўрсатадиган президент тарафдорлари, нейтрал ва Юнни танқид қилган, бироқ унинг тарафдорлари билан бир блокда қолишда давом этган фракцияга бўлиш мумкин. Сўнгги фракцияни Хан Донг Хун бошқарган, у аввалроқ Юндан истеъфога чиқишни талаб қилган эди.

Энди Юннинг очиқ тарафдорларидан бири Квон Сунг Донг янги раҳбар тайинланмагунча «Фуқаролик кучи» раиси вазифасини бажаради.

Жанубий Корея парламенти президентга иккинчи уринишда импичмент эълон қилди

14 декабр куни Жанубий Корея парламентининг 300 нафар аъзосидан 204 нафари Юн Сок Ёлни лавозимидан четлаштириш учун овоз берди. Бунга президент томонидан 3 декабр куни кутилмаганда мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилгани сабаб бўлди. Воқеаларнинг бундай ривожи парламент томонидан қўллаб-қувватланмади, шундан сўнг ҳукумат президент қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

Юн Сок Ёл ва унинг бир қатор тарафдорларига қарши тергов бошланди, 7 декабр куни эса парламентда мамлакат раҳбарига импичмент масаласи кўтарилди. Бироқ, ўшанда овоз беришни ўтказиш имкони бўлмади — парламентда 108 ўринни эгаллаган «Фуқаролик кучи» аъзолари процедурани бойкот қилдилар. Ҳукмрон партиянинг деярли барча аъзолари зални тарк этгани боис 195 киши президентнинг истеъфоси учун овоз берди, жараён амалга ошиши учун камида 200 та овоз керак эди, шу тариқа кворумга эришилмади.

Парламент аъзолари импичментни қўллаб-қувватлагач, бу масалани Жанубий Корея Конституциявий суди кўриб чиқиши керак. Президент вазифасини энди вақтинча мамлакат бош вазири Хан Дак Су бажаради.

Мавзуга оид