Ўзбекистон | 17:37 / 17.12.2024
2776
3 дақиқада ўқилади

Нукус шаҳри бош режаси тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан Нукус шаҳрининг бош режаси тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ 2040 йилгача Нукус шаҳри ҳудуди 876 гектарга кенгаяди.

«Нукус шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан шаҳарнинг бош режаси лойиҳаси асосий ечимлари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланмоқда. 2040 йилгача Нукус шаҳри Нукус тумани ҳудудига 876 гектарга кенгайиши ҳисобга олинган.

Шунингдек, бу вақтга келиб аҳоли сони 312,4 минг нафардан 400 минг кишига кўпаяди, шаҳар майдони эса 13,4 минг гектарни ташкил этади. Мактабгача таълим муассасалари сони икки баравар кўпайиб, 20,8 мингтани ташкил этади, шифохоналардаги жойлар 3,3 мингдан 9,9 мингтагача ошади.

Бундан ташқари, жамоат транспорти, автомобил йўллари ва кўчалар ҳисобот даврида қуйидагича ўзгариши режалаштирилган:

  • магистрал кўчаларнинг умумий узунлиги — 90,35 километрдан 278 километрга;
  • шаҳар жамоат транспорти қатнови умумий сони — 60 қатновдан 300 қатновга;
  • транспорт хизматидан фойдаланувчи йўловчилар — 1,3 миллион кишидан 118,5 миллион кишига.

Янги бош режага мувофиқ шаҳарда иккита маъмурий марказ ташкил қилинади.

Биринчи маъмурий марказ — шаҳарнинг бугунги кундаги маъмурий маркази ҳисобланиб, Ислом Каримов, Амир Темур ва М.Жуманазаров кўчалари кесишмалари ҳисобланади. Ушбу марказ сақлаб қолинади.

Унда жойлашган Савитский музейи, Хотира майдони, меҳмонхоналар, IT-парк, истироҳат боғи ва бошқа маъмурий ва хўжалик биноларини қуриш ва қайта таъмирлаш, эски бино ва иншоотлар ўрнига янги ва замонавий кўп қаватли бинолар жойлаштириш таклифи киритилган.

Иккинчи маъмурий марказ — шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги Нукус туманига чиқадиган кўчалар ва лойиҳавий кўчалари кесишмасида жойлаштирилади. Нукус City’нинг ушбу марказлари кичик ва ўрта бизнесни, банк филиаллари, турар жой ва жамоат биноларининг бизнесни бошқариш билан боғлиқ объектларини бирлаштиради ва 7 қаватдан 16 қаватгача бўлган объектлар барпо этилади.

Ҳар бир ташкил этилаётган турар жой массиви (маҳалла, кичик туман) аҳолига хизматлар кўрсатиш мажмуаси билан таъминланган. Ҳар бир митти туманда хизмат кўрсатиш меъёрлари ва унда яшайдиган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда мактаблар, болалар боғчалари, маҳалла гузарлари, кичик майдончалар, яшил майдонлар ва хиёбонлар ташкил этилиши режалаштирилган.

«Маъмурий ва ҳудудий марказларга олиб борувчи йўллар ёқасидаги бинолар ўрнига замонавий лойиҳалар асосида босқичма-босқич қайта қуриш ишлари амалга оширилади ва натижада шаҳарнинг кўриниши янада яхшиланиб, кўчалар обод бўлиши ҳамда аҳоли учун қулай шароитлар яратилишига эришилади», — дейилади қарорда.

Мавзуга оид