Жаҳон | 14:54 / 17.12.2024
1715
2 дақиқада ўқилади

Сеул РФ ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик учун санкциялар киритди

Жанубий Корея Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ва Шимолий Кореянинг ядро ва ракета дастурларини молиялаштириш билан шуғулланувчи 11 шахс ва 15 ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди. Рўйхатдаги 7 нафар жисмоний шахс ва 13 та компания Россиядан.

Фото: Chung Sung-Jun / Getty Images

Жанубий Корея Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик, Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета дастурларини молиялаштириш, шунингдек, Пхенян томонидан санкцияга киритилган товарларни ноқонуний сотиб олиш билан боғлиқ 11 шахс ва 15 ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 17 декабр, сешанба куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган пресс-релизда айтилади.

Сеулнинг қора рўйхатига Корея халқ армияси (КХА) генераллари Ким Ёнг Бок ва Шин Геум Чол, шунингдек, ракета муҳандиси Ли Сонг Жин ва КХА яна бир юқори мартабали зобити Ли Бонг Чун киритилган. Шунингдек, бир нечта бизнесменлар ва улар раҳбарлик қилаётган компанияларга нисбатан чекловлар жорий этилган — масалан, Роман Алар ва унинг "ПАРСЕК" МЧЖ Шимолий Кореяга асосий ракета материаллари ва технологияларини етказиб бергани айтилади.

Жами 7 нафар жисмоний шахс ва 13 та ташкилот, жумладан, бир нечта банклар санкциялар рўйхатида Россиядан деб белгиланган. Улар билан молиявий ёки валюта операцияларини амалга ошириш учун энди Сеулдан рухсат талаб қилинади.

Мавзуга оид