Фан-техника | 15:40 / 18.12.2024
9431
2 дақиқада ўқилади

NASA астронавти ХКСдан туриб галактиканинг ноёб суратини олди

Одатда Халқаро космик станциядан юлдузларни тасвирга олиш анча қийин. Аммо астронавт ўзи ясаган қурилма ёрдамида бунга муваффақ бўлди.

Фото: NASA/Don Pettit

NASA астронавти Дон Петтит Халқаро космик станциядан олинган ғайриоддий тасвирни эълон қилди. Одатда, орбитал экспедиция аъзолари Ер юзасини суратга оларди. Бироқ Петтит астрофотографияга қизиқиши туфайли, оддий шароитларда амалга ошириб бўлмайдиган ишни бажарувчи қурилма ихтиро қилди. Бу унга тўғридан тўғри станциядан туриб юлдузларнинг ноёб суратини олиш имконини берди.

Гап шундаки, ХКС Ер атрофини тахминан 90 дақиқада бир марта айланиб чиқади. У соатига 27 минг километрдан ортиқ тезликда учади. Бундай тезликда қўшимча жиҳозларсиз юлдузларни суратга олиш мумкин эмас, чунки улар худди ёруғ чизиқдек кўриниб қолади. Буни бартараф этиш учун Петтит осмондаги муайян нуқтага йўналтирилган ва ХКС ҳаракатланаётганда камерани белгиланган соҳага қаратиб турадиган юлдуз кузатиш қурилмасини яратди. Қурилма камерани шундай айлантирадики, ХКС ҳаракати давомида камера доим белгиланган юлдузга қараб туради.

Суратда ХКС остидаги Ер хира кўринади, сайёрамиз атмосферасида нурланишни кузатиш мумкин. Аммо энг муҳими — тасвирда минглаб юлдузлар ва узоқ галактикаларни кўриш имкони бор. Юлдуз кузатгичлари Ердан туриб узоқ коинотни суратга олиш учун ҳам қўлланади — бундай ҳолатларда улар сайёранинг айланишидан келиб чиқадиган тўсиқларни бартараф этади. Натижада жуда аниқ ва батафсил тасвирлар олинади, ҳатто хира космик жисмларни ҳам кўриш мумкин бўлади.

Қизиғи шундаки, Петтит коинотда ўзининг муҳандислик маҳоратини биринчи марта намойиш этмаяпти. 2008 йилда у вазнсизлик ҳолатида қаҳва ичиш учун пиёла ихтиро қилганди. Ҳатто бунга патент ҳам беришган. Астронавт ХКСда чой ёки қаҳвани найча билан ичиш жонига текканидан кейин бу ғояни ўйлаб топган. Микрогравитация шароитида одатий пиёлани ишлатиб бўлмайди. Петтит ихтиро қилган финжондан Ерда тургандек фойдаланиш учун сирт таранглиги эффекти қўлланган.

Мавзуга оид