Ўзбекистон | 19:59 / 18.12.2024
16410
7 дақиқада ўқилади

Ўзбек мигранти: у ватанига олтин экспортидан ҳам кўпроқ фойда келтиряпти

Бугун тахминан 2,5 миллион ўзбекистонлик хорижда меҳнат қиляпти. Улар ватанга юбораётган пуллар ҳажми олтин экспорти тушумларидан ҳам кўпроқ, ЯИМнинг нақ 14 фоизидан ошади. Kun.uz Халқаро меҳнат мигрантлари кунида чет элда ишлаётган ватандошларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрнига эътибор қаратди.

БМТ Бош ассамблеясининг таклифига биноан 2000 йилдан буён ҳар йили 18 декабр Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонланади. 1990 йилнинг худди шу кунида “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги халқаро конвенция қабул қилинганди.

Дунёда қанча мигрант бор?

БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги муҳожирлар сони 281 миллиондан ошади. Бу эса сўнгги 50 йил ичида мигрантлар сони уч бараварга кўпайганини англатади. Уларнинг асосий қисми ишсизлик, маиший муаммолар ва сифатли таълим излаб ўз мамлакатини тарк этишган.

Ўз навбатида йилдан йилга мигрантлар томонидан ўз ватанига амалга оширган пул ўтказмалари миқдори ҳам ошиб боряпти. Хусусан, бу кўрсаткич 2000 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда 650 фоизга ёки 128 млрд доллардан 831 млрд долларгача кўпайган.

Охирги ўн йилликдаги мигрантлар учун энг жозибадор давлатлар сифатида АҚШ, Германия ва Канадани келтириш мумкин. Ушбу мамлакатлардаги муҳожирлар сони кескин ошиб бораётгани ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, 1970 йилда Қўшма Штатларда 12 млн халқаро муҳожир яшаган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 50 млндан ошган. Германия аҳолисининг ҳам 18 фоиздан ортиқ қисмини муҳожирлар ташкил қилади. Шунингдек, Саудия Арабистони, БАА каби бой араб мамлакатлари ҳам мигрантлар учун жозибадор давлатлардир.

Муҳожирлар томонидан энг кўп пул ўтказмалари АҚШдан амалга оширилади. Бу миқдор 2022 йилда 79 млрд доллардан кўпроқни ташкил этган. Кейинги ўринларда Саудия Арабистони (39 млрд доллар), Швейцария (31,9 млрд доллар) ва Германия (25,6 млрд доллар) туради.

Ўз навбатида энг кўп пул ўтказмалари Ҳиндистон, Мексика, Хитой, Филиппин ва Мисрга амалга оширилган. Жумладан, 2022 йилда Ҳиндистонга юборилган пул ўтказмаларининг миқдори 111 млрд доллардан кўп.

Мигрантларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни

Ўзбекистон четга меҳнат муҳожирларини йўллаш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг охирги расмий маълумотларига кўра, мамлакатдан хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган мигрантлар сони 2,3 млндан кўпроқ.

Йиллар давомида ўзбек мигрантлари энг кўп йўл олувчи давлатлар тўртлиги қуйидагича шаклланиб келган: Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея. Аммо охирги йилларда вазият бирмунча ўзгарди.

Хусусан, Россиядаги иқтисодий вазият ёмонлашуви ва мигрантлар учун талабларни қаттиқлаштириш ҳақидаги чақирувлар, армияга жалб қилиш бўйича ташвиқотларнинг кучайиши ушбу мамлакатга борувчилар сонини қисқартирди. Шунингдек, Туркияга бориб ишлаш ҳам ўз жозибадорлигини йўқотиб боряпти. Бунга ушбу мамлакат иқтисодиётининг ёмонлашуви, лиранинг даҳшатли қадрсизланиши ва юқори инфляция таъсир кўрсатяпти.

Ўзбекистонликлар учун Буюк Британия, Германия, Полша, Венгрия, Латвия, БАА, Саудия Арабистони ва Япония каби янги йўналишлар пайдо бўлди.

Меҳнат мигрантлари юборган пуллар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб келади ва аҳоли турмуш харажатларининг сезиларли қисмини қоплайди. Хусусан, 2023 йилда мамлакатга 11,4 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 11,2 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил этади. Таққослаш учун, ўтган йили Ўзбекистон экспорт қилган олтин қиймати 8,1 млрд доллар бўлган.

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмалари миқдори 11,3 млрд доллар бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,8 фоизга ошган. Бу миқдор шу даврдаги ялпи ички маҳсулотнинг 14,2 фоизига тенг. Пул ўтказмаларининг ўсиши Буюк Британиядан 67 фоиз, Жанубий Кореядан 76 фоиз, Полшадан 97 фоиз, БААдан 66 фоиз бўлган.

Пул ўтказмалари кўпинча истеъмол харажатларини қоплаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой олиш каби соҳаларга сарфланади, бу эса ички талабни оширади ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиради. Бундан ташқари, мамлакат валюта эҳтиёжининг сезиларли қисми мигрантлар жўнатган пул ҳисобидан қондирилади.

Нимага Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари кўп?

Ўзбекистондан меҳнат мигрантларининг кўплиги бир нечта омиллар билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.

Биринчидан, мустақилликка эришилгач, СССРнинг марказлаштирилган, режали иқтисодиёт тизимидан бозор муносабатларига ўтиш бошланди. Табиийки, бунда советлар ҳукумати томонидан жуда паст иш ҳақи эвазига бўлса-да аҳолининг тўла бандлигини таъминлаш сиёсатидан воз кечилади. Натижада мустақилликнинг дастлабки давридан бошланган юқори ишсизлик ва миграцион жараён кейинчалик ҳам давом этиб келяпти. Чунки мустамлака даврнинг охирги 30 йиллигида Ўзбекистон аҳолиси қарийб 2,5 баробарга кўпаяди. Ушбу даврда туғилганларнинг меҳнат бозорига кириб келиши айнан мустақилликнинг дастлабки йилларига тўғри келади. Бу даврда кўплаб йирик-йирик корхоналарнинг ёпилиб кетиши ёки оғир ҳолатга тушиб қолиши кузатилади. Ўзбекистон иқтисодиётининг экспорт таркибида хомашё ресурслари улушининг юқорилиги ҳам иш билан таъминлаш муаммосини мураккаблаштиради.

Иккинчидан, узоқ йиллар давомида Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми қишлоқ хўжалиги секторида меҳнат қилиб келган. Айни пайтда ушбу тармоққа керак бўладиган ишчилар миқдори қисқариб боряпти. Бу қишлоқ хўжалигининг техник базаси ривожланиб бораётгани билан боғлиқ. Ривожланган давлатларда ушбу секторда меҳнат қилувчилар умумий ишчиларнинг 5 фоизгача бўлган қисмини ташкил қилади. Ўзбекистонда ҳам бу миқдор йилдан йилга пасайиб боряпти ва ишчиларнинг бир қисми ўзига бошқа даромад манбаи топишга мажбур бўляпти.

Учинчидан, Ўзбекистон аҳолиси тинимсиз ўсиб боряпти. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келяпти, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши мумкин. Бундай шароитда ривожланаётган мамлакат учун аҳолининг бандлигини таъминлаш жуда ҳам қийин.

Тўртинчидан, даромадларнинг камлиги. Numbeo’нинг янгиланган маълумотлари бўйича ўртача ойлик “тоза” иш ҳақи бўйича мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 96 мамлакат ичида 73-ўринни эгаллаган.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид