Ўзбекистон | 17:06 / 19.12.2024
2299
7 дақиқада ўқилади

Боғдорчиликда томчилатиб суғориш: нега ишлар суръати суст?

Бугунги кунда Ўзбекистондаги мевали боғларнинг 83,3 фоизи анъанавий усулда – ариқдан суғорилади. Уларнинг атиги 16,6 фоизида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ва бу – жуда паст кўрсаткич.

Фото: Kun.uz

Замонавий суғориш тизимлари мамлакатимиз боғдорчилик соҳасига кириб келганига бир неча ўн йил ўтгани, қолаверса, томчилаб суғориш тизимининг ариқдан суғоришга нисбатан яққол афзалликларига қарамай, бу жараён боғдорчиликда кутилганидан суст кечмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистонда сув ресурслари тобора камайиб бораётгани боис мамлакат қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Таниқли эксперт, боғдорчилик соҳасидаги халқаро мутахассис Шуҳрат Аброровнинг сўзларига кўра, шу кунга қадар томчилатиб суғориш технологияси суст татбиқ қилиниши ва бундан кейин ҳам сезиларли даражада тезлашмаслигига бир қатор сабаблар бор. 

Шуҳрат Аброров

«Бугунги кунда Ўзбекистондаги мевали боғларнинг умумий майдони 360 минг гектарни ташкил қилади (узумзорлар бундан мустасно), шундан 60 минг гектар боғларда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган, қолган 300 минг гектар боғлар ариқдан суғорилади.

Томчилатиб суғориш технологиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва унинг мамлакатимиз боғларида жорий қилиниши тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур тизимнинг афзалликларини интенсив боғларда татбиқ қилинган замонавий лойиҳалар мисолида 2008 йиллардан бошлаб кўра бошладик. 2008-2010 йилларда Самарқанд вилоятида томчилатиб суғориш тизимли интенсив олма боғлари барпо этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширила бошланди, кейинчалик уларнинг майдони янада кенгайди», — дейди эксперт.  

Шуҳрат Аброров томчилатиб суғориш технологиясининг мамлакатимиз боғдорчилик соҳасида шу кунга қадар суст татбиқ қилиниши ва бундан кейин ҳам сезиларли даражада тезлашмаслигига сабаб сифатида бир неча омилларни санаб ўтди:

Биринчидан, фермерларда консервативлик, янгилик ва ўзгаришларга тайёр эмаслик, қарши кайфият ҳисси бор. Бундай вазият билимсизлигимиздан келиб чиқади. Янги технологияларнинг фойдаю афзалликлари, қиймати ва қўлланиши сабабларини тушунганимиз сайин қаршилик ҳисси чекина бошлайди ва уни фаолиятга татбиқ қила бошлаймиз. Томчилатиб суғориш тизими жорий қилинишида ҳам худди шу ҳолат кузатилди, ушбу тизимнинг афзал томонларини тушуниб етиш ва уни боғдорчиликда кенг қўллагунча анча вақт кетди.

Иккинчидан, томчилатиб суғориш тизими бўйича мутахассислар йўқлиги ҳам ушбу технологиянинг суст татбиқ қилинишида қўшимча омил бўлди. Боғларимизда жорий қилинган томчилатиб суғориш тизимларининг кўп қисмини чет эллик мутахассислар лойиҳалаштириб, ишга туширган. Чунки яқин вақтгача бизда малакали мутахассислар йўқ эди. Бугун ҳам бу соҳада юқори малакали мутахассислар етарли, деб айта олмаймиз. Қолаверса, замонавий суғориш тизимларининг афзалликлари, ушбу технологияларни қўллашдаги ўзига хосликлар ҳамда учрайдиган хатоларни батафсил тушунтириб бера оладиган қўлланмалар, қолаверса, бундай мактабнинг ўзи йўқ.

Учинчидан, замонавий суғориш тизимлари ёки уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда ечимини кутаётган муаммолар бор. Кейинги йилларда суғориш тизимларини ишлаб чиқариш қисман маҳаллийлаштирилди, лекин бу жараён ўзимизда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг муайян қисмларини маҳаллийлаштириш жараёнига ўхшайди, яъни замонавий ёндашув йўқ. Тўғри, илғор замонавий суғориш технологиялари маълум маънода «ёпиқ» ҳисобланади – жаҳондаги етакчи компаниялар ушбу маълумотларни очиқлашни ва бўлишишни истамайди. Аммо, биз билим ва тажрибаларни ошириб, мамлакатимизда замонавий суғориш тизимларини ишлаб чиқара олсак, суғориш тизимларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар ҳам камайган бўларди. Табиийки, бу фермерларимизга янги технологияларни қўллашда қўшимча рағбат бўлади.

«Энди юқорида тилга олинган уч омилни тарозининг бир палласига қўйсак, унинг иккинчи палласида — сув таъминоти, яъни истеъмолчи-фермерларнинг сув тақсимотида аниқ бир тизим йўқлиги турибди. Тўғри, сув таъминотида ариқлар ва каналлар тизими мавжуд, сув ресурсларини фермерларга мироблар тарқатиб беришади. Лекин сувнинг адолатли равишда томчилатиб суғоришга мос тақсимланиши масаласи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳар ҳолда, шахсан мен бу борадаги ижобий ўзгаришларни кўрмаяпман. Ушбу масалага тегишли вазирликлар аниқ ечим топиши зарур, деб ўйлайман», — дея қўшимча қилди эксперт.  

Унинг сўзларига кўра, томчилатиб суғориш тизимида дарахтларга ҳар куни сув бериш, яъни, боғни ҳар куни суғориш керак бўлади. Ушбу тизим орқали дарахтларга бериладиган сув даставвал ҳовузда тўпланади (боғга туташ ариқдан келадиган сув ҳисобига) ва бундай ҳовузларнинг сув сиғими, одатда, бутун боғни 2-3 кун суғоришга етадиган ҳажмда бўлади.

Демак, сув боғлар майдонига қараб таъминланиши ва тақсимланиши лозим.

Бугун сув таъминоти ва тақсимотида аниқ ишлайдиган тизимнинг йўқлиги боғдорчиликка томчилаб суғориш технологиясини кенг татбиқ қилишни сустлаштираётган омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ва мавжуд тизим нотўғри ишлашини фермерларнинг ортиқча харажатлари эвазига қоплаш керак бўляпти.

Бошқача айтганда, ушбу муаммолар сабаб боғларда томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ қилиш учун бутун боғни 7-10 кун суғоришга етадиган ҳажмдаги сув ҳовузларини қуришга тўғри келяпти. Бу эса, табиийки, томчилатиб суғориш тизимини қўллаш билан боғлиқ харажатлар ошиши (ҳовуз қуриш харажатлари бир неча баробар ошиши эвазига) ва мевали боғ майдонлари қисқариши (ҳовуз катталашиши сабаб)га олиб келмоқда.

«Боғдорчиликда сув ресурсларидан максимал даражада самарали фойдаланиш ва замонавий томчилатиб суғориш технологияларини кенг татбиқ қилиш лозим. Аммо, бунда барча фермерларга тўғри тақсимланадиган сув таъминоти тизими йўлга қўйилмаса, нафақат томчилатиб суғориш технологияси ривожланиши, балки боғдорчилик ривожи ҳам шубҳа остида қолиши мумкин.

Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, жорий йил сентябр ойида қабул қилинган ҳукуматимиз қарорига мувофиқ, боғдорчиликда томчилаб суғориш тизимини ўрнатиш учун субсидия миқдори 2 баробар оширилади. Хусусан, 2025 йил 1 январдан бошлаб, интенсив мевали боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилгани учун (сифат даражасини белгиловчи коэффициент қўлланган ҳолда) субсидия 1 гектар учун 16 млн сўмгача миқдорда белгиланади. Бу жуда яхши хабар. Зеро, субсидия миқдорининг 2 баробар оширилиши сув таъминоти муаммосиз ҳудудларда томчилатиб суғориш технологиясини боғдорчилик соҳасига татбиқ қилишда яхшигина рағбат бўлади. Агар сув таъминоти муаммоли ҳудудларда юқорида айтганимиздек тизим йўлга қўйилса, субсидия миқдори кескин оширилиши томчилатиб суғориш технологиясининг боғдорчиликка татбиқ қилинишининг янада жадаллашувига олиб келади», — дея хулоса қилди эксперт.

Наврўз Хуррамов тайёрлади.

Мавзуга оид