Фан-техника | 00:47 / 20.12.2024
4148
2 дақиқада ўқилади

Appleʼнинг сунъий интеллект функцияси ёлғон сарлавҳа билан хабар тарқатди

Apple Intelligence функцияси қотилликда гумонланаётган шахсга оид хабар сарлавҳасини нотўғри тузганидан кейин Америка технологик гигантига шикоят киритилди. Корпорациядан ушбу функцияни ўчириб ташлаш сўралмоқда.

Фото: CNN

Журналистларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи йирик ташкилот Apple компаниясини АҚШдаги шов-шувли қотиллик ҳақида ёлғон сарлавҳа тузган сунъий интеллектнинг янги генератив функциясидан воз кечишга чақирди, деб хабар беради BBC.

Қайд этилишича, сунъий интеллектдан билдиришномаларни умумлаштириш ва гуруҳлаштириш билан шуғулланувчи Apple Intelligence функцияси қотилликда гумонланаётган Луижи Манжонега оид хабар сарфлавҳасини нотўғри тузганидан кейин Америка технологик гигантига шикоят киритилган.

Сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган хабар BBC News тиббий суғурта компанияси директори Брайан Томпсонни ўлдиришга айбланаётган Манжоне ўз жонига қасд қилгани тўғрисида мақола эълон қилгандек таассурот уйғотган. Аслида эса бундай бўлмаган.

Шу боис «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилоти Appleʼдан СИнинг мазкур функциясини ўчириб ташлашни талаб қилди. Apple эса ҳозирча ҳолатга ҳеч қандай изоҳ бермади.

Ўтган ҳафта Буюк Британияда Apple Intelligence ишга туширилган эди. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти сунъий интеллект воситаларининг «ОАВга туғдирадиган хавфларидан хавотирда эканини» маълум қилди.

Ташкилотга кўра, BBC билан юз берган воқеа «генератив сунъий интеллект сервислари жамоатчиликка ишончли маълумотларни тақдим этадиган даражада ҳали такомиллашмаганини» кўрсатмоқда.

«RSF Apple компаниясини масъулият билан ҳаракат қилишга ва ушбу функциясини ўчириб ташлашга чақиради. Оммавий ахборот воситаларига тегишли нотўғри маълумотларнинг автоматлаштирилган тарзда тақдим этилиши ОАВ обрўсига путур етказади ва аҳолининг долзарб воқеалар ҳақида ишончли маълумот олиш ҳуқуқига таҳдид солади», — дейилади мурожаатда.

Мавзуга оид