АҚШ энди ал-Жўланийнинг боши учун мукофот таклиф қилмаяпти
АҚШ Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шаръани ҳибсга олишда ёрдам кўрсатганлик учун 10 млн доллар миқдоридаги мукофот бериш таклифини қайтариб олган. Бундан олдинроқ у билан америкалик дипломатлар делегацияси учрашув ўтказганди.
Давлат котиби ёрдамчиси, делегацияга раҳбарлик қилган Барбара Лиф ал-Шаръа билан музокаралар жуда самарали кечганини, у ўзида «прагматик» шахс сифатида таассурот қолдирганини айтган.
Аҳмад ал-Шаръа – шу вақтга қадар АҚШ ва ғарб давлатларида расман террорчилик ташкилоти сифатида тақиқланган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қуролли гуруҳи етакчисидир. Декабр ойи бошида ҲТШ Сурияни 13 йиллик фуқаролик урушини ҳам ўз ичига олувчи 50 йилдан ошиқ вақт мобайнида бошқарган Асадлар оиласи режимига барҳам беришда асосий ролни бажарганди.
Америка делегациясига Барбара Лифдан ташқари президент Жо Байденнинг асирлар бўйича махсус элчиси Роджер Карстенс ва Давлат департаментининг Яқин Шарқ масалалари бўйича бюроси маслаҳатчиси Дэниэл Рубинстайн ҳам кирган.
Бу америкалик дипломатларнинг Дамашққа 10 йилдан ортиқ вақт ичидаги илк ташрифи бўлди.
Давлат департаменти вакили музокараларда Суриядаги «сиёсий транзит принциплари» ва ИШИДга қарши курашишни давом эттириш зарурати муҳокама этилган.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, дипломатлар АҚШнинг Суриядаги фуқаролик уруши даврида йўқолган икки фуқароси ҳақида маълумот тақдим этишни сўраган: 2012 йилда Дамашқда ўғирлаб кетилган журналист Остин Тайс ва 2017 йилдан буён дараги чиқмаган психотерапевт Мажда Камалмаза.
Америка делегацияси шунингдек, Суриядаги фуқаролик жамияти ва турли жамоалар вакиллари билан учрашиб, «уларнинг ўз мамлакати келажаги ҳақидаги қарашлари ҳамда Қўшма Штатлар уларни қандай қўллаб-қувватлаши мумкинлигини муҳокама қилди», деган Давлат департаменти вакили.
BBC’нинг Давлат департаменти бўйича мухбири Том Бейтманнинг қайд этишича, Вашингтон, бир томондан, ҲТШ билан ишлашга тайёрлигини намойиш этмоқда, бошқа томондан бу ташкилотни ҳокимиятни Сурия жамиятидаги барча диний-этник спектрни ифода эта олувчи инклюзив ҳукуматг ўтказишга ундамоқда.
Америкалик дипломатлар амалда ҲТШни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш ва кейинчалик Сурияга қарши санкцияларни юмшатиш масаласини кўриб чиқишга тайёрликни кўрсатувчи қатор шартларни белгилаб беришган.
АҚШ – ғарбнинг Сурияда ғалаба қозонган исёнчилар билан алоқани йўлга қўя бошлаган илк давлати эмас. Дамашққа сўнгги ҳафта давомида Буюк Британия, Франция, Германия ва Евроиттифоқдан ҳам вакиллар келиб кетишди.
Ал-Шаръа жаҳоннинг кўплаб нашрларига бераётган интервюларида террорчилик ташкилотлари билан ўтмишдани алоқаларини бутунлай узгани ва энди нисбатан мўътадил қарашларга эга эканини таъкидлаб келмоқда. У шунингдек, жангчи сифатидаги Абу Муҳаммад ал-Жўланий тахаллусидан ҳам воз кечган.
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
12:58 / 22.12.2024
Янги Сурия қандай бўлади: Идлиб кўчаларидан қиёс
00:02 / 22.12.2024