Ўзбекистон | 14:40 / 22.12.2024
2714
5 дақиқада ўқилади

Эскроу тизими: у жорий этилса, мижозлар қурувчиларга алданмайдими?

Кўп ҳолларда уйларни топшириш муддати кечикиб, аҳоли тўлаган пуллар «музлаб» тургани, шартномалар асосан қурувчи манфаатига хизмат қилаётгани охирги йилларнинг энг оғриқли муаммоларидан. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳали қурилмаган бинолардан хонадон сотиб олишда аҳоли маблағларини ҳимоя қилишни кафолатловчи тизим устида ишламоқда. Бу тизим қандай ишлаши ҳақида Kun.uz масъуллардан изоҳ олди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ишлаб чиқаётган янги тизим орқали фуқароларнинг пул маблағлари банк воситачилигида ишончли девелоперга берилади. Бунда қурувчи ишнинг 30 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади, қолган 70 фоизини банк қоплайди. Мазкур платформага тўхталадиган бўлсак, 1970-йилларда кўплаб хорижий давлатларда жорий этилган ва мунтазам равишда такомиллаштириб борилган. Хусусан, бу борада Россияда махсус қонун ишлайди. Ўзбекистон  ҳам шу ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ушбу амалиётни йўлга қўймоқда. Янги тизимнинг жорий этилишида бир нечта қонунларга ўзгартириш киритиш талаб этилади. Афзал томони эса фуқароларнинг маблағлари ҳимояланади.

Тизим соҳада тадбиркорлик истиқболларига салбий таъсир қилмайдими? 

“Бу идеал тизим, тадбиркорлик субъектлари учун ҳам афзал бўлади, чунки қурилишда иккинчи субъектнинг улушдор бўлишига ишончи пайдо бўлади. Кўпгина мамлакатларда улуш киритиш билан қуриладиган уйларнинг электрон тизимлари ҳам яратилган ва бундай уй-жойлар платформада рўйхатга олинади.

Аввало, тадбиркорлар уй-жойи қурилишида қонуний расмийлаштирувга аҳамият беришлари керак бўлади. Боиси, шундай ҳолатлар шу кунгача кўп бўлиб турган, уй ноқонуний қурилган. Аммо кадастрга рўйхатга қўйилмайди, қачон ҳаммаси қонуний амалга оширилгандан кейин уйларга кадастр берилади”, - дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Даврон Мелиев. Хўш, банк қандай қилиб, ишончли девелоперларни аниқлайди?

“Ҳозирда банк орқали маблағлар ишончли компанияларга ўтказилади. Банк ёки Қурилиш вазирлиги ишончли компанияларни кўриб чиқади. Бу ерда уй-жой қурувчи қурилиш ташкилоти бўлмаслиги мумкин, балки инвестор ҳам бўлиши мумкин ва алоҳида қурилиш ташкилотини жалб қилиши мумкин.

Бугунги кунда бизда 2021 йилдан бери ишлаб келаётган қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги мавжуд. У ерда 25 мингдан ортиқ ташкилот бор эди, аммо сараланиб-сараланиб, бу кўрсаткич 17 мингга тушди. Пудратчи ташкилотлар фаолияти ҳар ой рейтинг баҳоланади. Тизимнинг ўзи уларни саралаб боради. Чуқурлаштирилган таҳлилда, масалан, чет эл амалиётида бу вазифани банклар бажаради. Банк уй-жой қурилишини ва унинг бюджети асосини ўрганиб чиқади. Бу инвесторларнинг тўловга қобилиятлилигини, тарихи ва олдинги қурилишларда қай аҳволда фаолият юритганини текширади.

Тизим уй-жой нархлари ошишига олиб келадими?

“Кўплаб давлатларда уй-жой нархлари ошиб боради ёки тушади. Мисол учун, айрим мамлакатларда 10 фоизга нархлар ошган, бошқа жойларда 3 фоизга пасайиш кузатилган. Қонуний равишда рўйхатга қўйилганда, объектнинг нархи сифатига боғлиқ бўлади. Қурилиш сифатини назорат қилиш техник назоратчилар томонидан амалга оширилади, бу эса уй-жойнинг умумий нархига таъсир қилиши мумкин.

Шу очиқ қолаётган эди, биз ҳозир фармон лойиҳасига ёзяпмиз ва қонунда бу нарса кўзда тутилади. Яъни лойиҳавий молиялаштириш ҳақида гап кетмоқда. Бу тартиб банк томонидан амалга оширилади. Пудратчига уй-жой қурилиши учун пул ажратилаётганда лойиҳа бўйича кетяптими ёки йўқми, сифати назорати қай аҳволда, шу масалаларга эътибор берилади. Шу асосда айтадиган бўлсам, нарх 1-2 фоизга фарқ қилиши мумкин”.

Бугунги кунда уй-жойни қуриб бўлиб сотаётган қурувчилар бор, тизим уларни ҳам қамраб оладими?

“Ўз маблағи асосида уй-жой қураётган компанияларга бу амалиёт татбиқ этилмайди. Тизим фақат улушдор фуқароларга қаратилган”, – дейди Даврон Мелиев.

Мутахассиснинг қўшимча қилиши белгиланган. Агар белгиланган муддатда уй эгаларига топширилмаса, фуқаро тўлаган маблағларини уч ой ўтиб, эскироқ ҳисобрақамидан қайтариб олиши мумкин бўлади. Қурилиши тугалланмаган уй эса банкка ўтказилиб, қурувчи билан ишни якунлаш чоралари кўриб чиқилади ёки банк уйни бошқа тадбиркорга беради. Эскроу тизими бўйича, яқин ойлар ичида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жараёнлар давомида жамоатчилик ва уй-жой қурувчилар фикри ўрганилиши кўзда тутилган.

Шаҳзод Ўроқбоев тайёрлади.

Мавзуга оид