Ўзбекистон | 21:11 / 24.12.2024
2586
6 дақиқада ўқилади

24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Россиядаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар, судда оғирроқ жазога ҳукм қилинган ҳайдовчи, $60 млрдга яқинлашган ташқи савдо айланмаси ва Рақобат қўмитасининг янги турар жой харидорларига тавсиялари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Россиядаги ёнғинда ўзбекистонликлар ҳалок бўлди

Россиянинг Татаристон республикасидаги ёнғинда Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Татаристоннинг Малореченский қишлоғидаги чорва фермасида ишчилар яшаётган бинода ёнғин чиқиб, 39 киши бўлган бинодан 33 нафари эвакуация қилинган.

Аммо ёнғинни ўчириш пайтида 6 кишининг жасади топилган, уларнинг 5 нафари ўзбекистонлик экани маълум қилинди.

Ёнғин тунги вақтда 300 квадрат метр майдонда содир бўлган ва Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари 4 та техника ёрдамида ёнғинни ўчирган. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга электр жиҳозларини ишлатишда қоидаларга риоя қилинмагани сабаб бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вафот этганлар шахсини аниқлаш ва жасадларни ватанга қайтариш масаласида иш олиб бормоқда. Қозон шаҳридаги Ўзбекистон консулхонаси ходимлари маҳаллий ҳукумат билан ҳамкорлик қилмоқда.

Танқиддан сўнг: ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум этилди

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида содир этилган ЙТҲда 5 болани уриб кетган ва икки нафари ҳалок бўлган Cobalt ҳайдовчисига аввал ахлоқ тузатиш жазоси тайинланганди. Бу қарор кенг жамоатчиликда катта танқидларга сабаб бўлди.

Суд ҳайдовчини суд залида қамоқдан озод қилиб, уни «олий маълумотли, ишли» экани сабабли енгил жазо билан чеклаганди. Бироқ шу судя бошқа бир аварияда бир инсон ўлимига сабабчи бўлган ишсиз ҳайдовчини 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилгани ўртага чиқди.

Олий суд матбуот хизмати маълум қилишича, танқидлар ва Тошкент вилояти прокурори ўринбосарининг кассация протестидан сўнг мазкур иш қайта кўриб чиқилди. Тошкент вилояти суди Р.Мирзаҳотамовни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича айбли деб топиб, унга 3 йил транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бирга, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Маҳкум ўз жазосини манзил-колонияларда ўтайди.

Шавкат Мирзиёев Россияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 25-26 декабр кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этади.

Мамлакатимиз етакчиси мазкур тадбирларда кузатувчи мақомида қатнашади.

Саммитларда кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама этилади. Шунингдек, ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2025 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар бўйича фикр алмашинади.

Кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича мурожаатлар

Рақобат қўмитаси 2024 йил давомида кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича 1700 га яқин мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Натижада, истеъмолчилар фойдасига 20 миллиард сўмга яқин маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Шартномалар таҳлилидан қуйидаги ҳолатлар аниқланган:

  • 80 фоиз шартномада қурувчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқи устун берилган;
  • 58 фоиз ҳолатда умумий майдон тафовутлари учун қайта ҳисоб-китоб кўзда тутилмаган;
  • 39 фоиз шартномада қурилиш муддати белгиланмаган;
  • 51 фоиз шартномада кечикиш учун пеня назарда тутилмаган;
  • 84 фоиз ҳолатда хонадонга кафолат муддати берилмаган.

Рақобат қўмитаси уй-жой сотиб олувчиларга шартнома шартлари билан батафсил танишиш; қурилиш муддатлари ва жавобгарликлар назарда тутилганини текшириш; қурувчи компаниянинг ишончлилигини текшириш учун очиқ манбалардан фойдаланиш; барча тўловларни банк орқали амалга ошириш тавсияларини берди.

Ташқи савдо айланмаси $60 млрдга яқинлашди

2024 йил январ-ноябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 59,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 млрд АҚШ долларига ёки 3,6 фоизга кўпдир.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, ушбу савдо айланмаси доирасида экспорт ҳажми 24,2 млрд долларга етган ёки 4,4 фоизга ошган, импорт ҳажми эса 35,1 млрд долларга етган ёки 3 фоизга ошган. Бироқ савдо балансида 10,9 млрд долларлик манфий кўрсаткич сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон 195 та мамлакат билан савдо алоқаларини юритмоқда. Асосий ҳамкорлар қаторида Хитой (19 фоиз), Россия (18 фоиз), Қозоғистон (6,5 фоиз), Туркия (4,4 фоиз) ва Корея Республикаси (3 фоиз) бор.

МДҲ давлатларининг умумий улуши 35,4 фоизга етган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга ўсган.

Ҳафта давомида ҳарорат кўтарилади

Бу йилнинг сўнгги иш ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди, об-ҳаво барқарор бўлиши айтилмоқда.

Ўзгидромет маълумотига кўра, кечалари кузатилаётган совуқ аста-секин кучсизлашади. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат кечаси ва эрталаб -3...+2 даража атрофида бўлади. Кундузи эса ҳаво ҳарорати +5...+10 даражагача кўтарилиши, жанубий ҳудудларда +12...+15 даражагача, шимолда ва Фарғона водийсида +2...+7 даражагача бўлиши кутиляпти.

Айрим жойларда кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Тошкентда ҳаво бироз булутли ва ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кутилмаяпти. Ҳарорат кечаси -3...-5 даражадан 0...+1 даражагача кўтарилиб, кундузи +6...+9 даража атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мавзуга оид