Жаҳон | 18:59 / 24.12.2024
973
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайидаги Килауэа вулқони ҳаракатга келди

АҚШнинг Ҳавайи штатидаги Килауэа вулқони яна фаоллашди. Геология хизматига кўра, вулқон лаваси тахминан 650 акр ерни қоплаган.

Фото: Wei/National Park Service

Ҳавайи штатидаги Килауэа вулқони ҳаракатга келди, деб хабар беради CNN. АҚШ Геология хизматининг маълум қилишича, вулқон маҳаллий вақт билан соат 02:00 ларда фаоллашган.

Баёнотда айтилишича, вулқон фаоллиги кун бўйи давом этган, аммо унинг отилиши маҳаллий аҳолига ҳеч қандай хавф туғдирмаган.

Лава тахминан 650 акр ерни қоплаган, шунингдек, вулқон отилиши оқибатида катта миқдорда газ ажралиб чиқиши ҳам кузатилган.

Бундан ташқари, такрорий фаоллик эҳтимоли туфайли вулқон диққат билан кузатилмоқда. Килауэа — дунёдаги энг фаол вулқонлардан бири бўлиб, у 1983 йилдан бери ҳаракатда.

Вулқон чўққиси Миллий боғнинг ёпиқ ҳудудида жойлашган, шу боис лава одамлар ҳамда аҳоли пунктларига хавф туғдирмайди. Аммо мутахассислар сув буғлари, карбонат ангидрид ва олтингугурт диоксидининг ортиши шамол орқали тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бундай ҳолатда вулқон смоги ҳосил бўлади. Шунингдек, авиарейсларни таҳдиддан бохабар қилиш мақсадида «авиация қизил коди» эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида Исландиядаги Рейкянес яриморолида жойлашган вулқон еттинчи маротаба ҳаракатга келганди. Ўшанда вулқон отилиши оқибатида ҳукумат Гриндавик шаҳри аҳолисини эвакуация қилиш бўйича қарор қабул қилган. 

Мавзуга оид