Ўзбекистон | 02:08 / 24.12.2024
6143
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: «Келгуси йил учун белгиланган вазифалар кўлами жуда кенг»

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қорақалпоғистон Республикасини 2025 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар кўлами жуда кенглиги ва қўйилган барча мақсадларга эришиш учун бор куч ишга солинишини маълум қилди.

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

23 декабр куни Президент раислигида Қорақалпоғистон Республикасини 2025 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг Telegramʼдаги каналига ёзишича, йиғилишда ҳудуднинг улкан имкониятларини рўёбга чиқариш, жумладан, инвестицияларни кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш сифати ва даромадларини ошириш чоралари муҳокама қилинган.

«Ушбу масалалар бўйича билдирган таклифларимизни кўриб чиқиш асносида давлат раҳбари лойиҳа офисини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берди. Тузилма учта асосий «ўсиш нуқтаси»: қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантиришга йўналтирилган.

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Келгуси йил учун белгиланган вазифалар кўлами жуда кенг, биз олдимизга қўйилган барча мақсадларга эришиш учун бор кучимизни ишга соламиз», — деб ёзади президент ёрдамчиси.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш мақсадида ҳудудни ривожлантириш бўйича берилган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси устидан назоратни президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайберганов зиммасига юклаганди.

Мавзуга оид