Жаҳон | 18:22 / 25.12.2024
2630
2 дақиқада ўқилади

Дания Трамп баёнотидан кейин Гренландия мудофааси харажатларини оширди

Дания ҳукумати Гренландия мудофааси учун камида 1,5 миллиард долларлик мудофаа пакетини ажратади. Бу Доналд Трампнинг арктик оролни «АҚШга сотиш» ҳақидаги ғоясидан кейин эълон қилинмоқда.

Фото: Reuters

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп Гренландияни сотиб олиш истагини билдирганидан кейин Дания ҳукумати ушбу арктик ҳудуднинг мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишини эълон қилди, деб ёзади BBC.

Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен мамлакат ҳукумати камида 1,5 миллиард долларлик мудофаа пакетини ажратаётганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги раҳбари аниқ суммани айтмади, аммо Дания ОАВ уни 12-15 миллиард кронага (1,7—2 миллиард доллар) баҳоламоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу маблағлар иккита инспекцион кема, узоқ масофага учишга қодир иккита дрон ва итларга қўшиладиган иккита қўшимча чана харид қилиш имконини беради. Пакет, шунингдек, пойтахт Нуукдаги арктик қўмондонлик ходимлари сонини кўпайтириш ва F-35 қирувчи самолётларига хизмат кўрсатиш учун Гренландиянинг асосий учта фуқаролик аэропортларидан бирини модернизация қилиш маблағларини ҳам ўз ичига олади.

«Биз узоқ йиллар давомида Арктикага етарлича маблағ ажратмадик, энди эса у ердаги иштирокимизни оширишни режалаштиряпмиз», — дейди Поулсен. Вазир харажатлар оширилишига оид эълон энди, Трампнинг баёнотидан бир кун ўтиб хабар қилинаётганини «тақдир ҳазили» деб атади.

Нашр суҳбатлашган таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу режа анчадан буён муҳокамада бўлган ва уни АҚШнинг янги президенти айтган гапларга тўғридан тўғри жавоб сифатида қабул қилмаслик керак.

22 декабр, якшанба куни Доналд Трамп ўзининг Truth Social аккаунтида Қўшма Штатлар «бутун дунёда миллий хавфсизлик ва эркинликни таъминлаш» учун «Гренландияга эгалик ва назорат қилиши мутлақ зарур», деб ёзди. Гренландия бош вазири Муте Эгеде эса Трампга «Биз сотмаймиз ва сотилмаймиз. Озодлик учун узоқ давом этган курашимизни бой бермаслигимиз керак», дея жавоб қайтарди.

Мавзуга оид