Жаҳон | 20:54 / 25.12.2024
35246
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолёт ердан уриб туширилгани ҳақида тахминлар янграмоқда

Самолёт фюзелажида ўққа тутилганлик белгилари – турли тешиклар борлиги аниқланди. Z-каналлар у Грозний шаҳри аэропорти яқинида ўққа тутилганини тахмин қилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Қозоғистонда ҳалокатга учраган Озарбойжон ҳаво йўлларига қарашли Embraer 190 йўловчи самолёти ердан уриб туширилган бўлиши мумкин, деб даъво қилмоқда россияпараст Z-каналлар. Самолёт фюзелажининг дум қисмидан олинган видеолавҳаларда турли тешиклар борлиги кўринади. Россияпараст ҳарбий блогерлар булар зенит-ракета ўқлари ёки парчаларининг шикастловчи элементлари излари, деб тахмин қилмоқда. The Insider ушбу тафсилотларни умумлаштирди.

Нашрнинг ёзишича, самолёт ердан зенит ракетаси билан уриб туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни Fighterbomber, «Белорусский силовик», «МИГ России» ва «Воевода вещает» каналлари истисно қилмаяпти.

Самолёт Озарбойжон пойтахти Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига учган эди, бироқ авария сигналини бериб, Қозоғистон ҳудудига фавқулодда қўнишни сўради ва у ерда ҳалокатга учради.

Расмий версияга кўра, самолёт Грознийга туман туфайли қўнолмаган. Бироқ экипаж минтақага дронлар ҳужуми уюштирилгани ва аэропортга қўниш тақиқлангани учун йўналишни ўзгартирган бўлиши мумкин.

«Рыбарь» канали самолёт қулаган жойдан олинган видеони шарҳлар экан, фюзеляждаги тешиклар «зенит ракетасининг зарба берувчи элементи излари»га ўхшашлигини ёзди: «Самолётнинг ўзи Грознийга йўл олганди – ўша пайтда минтақада Украина дронлари рейди кузатилаётган ва улар уриб туширилаётган эди. Шимолий Осетиядаги Владикавказ ва қўшни Ингушетия устида бир нечта дрон уриб туширилди».

Самолётда тирик қолган йўловчилардан бири RT телеканали билан суҳбатда портлаш овозини эшитганини, бу ташқи таъсир оқибатида бўлиши мумкинлигини айтди: «Портлаш бўлди – мен уни самолёт ичида бўлган демасдим. Мен ўтирган жойнинг ёнида ғилоф кўчиб тушди».

Ушбу версиянинг бошқа тасдиғи йўқ. Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги авиаҳалокатнинг расмий сабаби қушлар галаси билан тўқнашув ва оқибатда бортдаги кислород бакининг портлаши деб эълон қилди. Самолётда жами 67 киши бўлган, ҳозир 29 киши тирик қолгани маълум.

Мавзуга оид