Ўзбекистон | 14:55 / 26.12.2024
10825
7 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди

Ҳукумат қарорига кўра, эндиликда пойтахтда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида бўлиши талаб этилади. Шаҳар аҳолиси 20 йил ичида 3 миллиондан 7,5 миллион нафаргача ошиши мумкин. Аҳоли энг зич ҳудудларда янги бинолар учун қаватлар сони бўйича чекловлар ўрнатилади.

Фото: Kun.uz

24 декабр куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 880-сонли қарори билан, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланди.

Режада маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида пойтахтдаги аҳоли пунктлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган.

Эндиликда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида, белгиланган тартибда ушбу ҳудуднинг мастер-режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаси ёки қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқлаган ҳолда амалга оширилади.

Бош режани ишлаб чиқишдан асосий мақсадлар қуйидагилар:

  • қурилишга рухсат бериш жараёнларини тартибга солиш;
  • шаҳарнинг муҳандислик хамда йўл-транспорт инфратузилмасини, умумий стратегиясини режалаштириш;
  • шаҳарнинг яшил ва санитар ҳимояланадиган ҳудудлари хамда маданий меросини муҳофаза қилиш;
  • иқтисодий-ижтимоий ривожланиш йўналишларини белгилаш; аҳолининг бугунги ва истиқболдаги талабларини қаноатлантириш.

Бош режа шаҳарнинг мавжуд меъморий-фазовий ва режавий маълумотларини ўз ичига олган рақамли «Геоахборот тизими» (GIS) платформасида шакллантирилган ҳолда ишлаб чиқилган. Шунингдек, демографик тенденциялар бўйича тадқиқотлар ўтказилган.

«Миграция ва табиий ўсиш маълумотларига асосланиб, инфратузилма ва турар жой лойиҳалари, шу жумладан, транспорт ва муҳандислик тармоқларини ортиқча юкланишдан ҳимоя қилиш режалаштирилди», – дейилади ҳукумат қарорида.

Бош режага кўра, пойтахт Тошкентнинг маъмурий чегаралари доирасидаги ҳозирги умумий майдони 43 минг 873 гектарни ташкил этади. Аҳоли сони 3 миллион бўлиб, 2045 йилгача 7,4 миллион кишигача етиши мумкин.

Соддалаштирилган кўринишдаги Бош режа Тошкент шаҳри ҳудудларини куйидаги зоналарга ажратиб беради:

Консервация зоналари – шаҳарнинг экологик ва санитария ҳолатини шунингдек, маданий-маърифий ва ижтимоий шароитларни яхшилашга қаратилган холла, яшил ҳудудлар, сув ва йўл бўйи ҳимоя ҳудудлари хамда маданий мерос майдонлари муҳофаза қилинади ва ушбу ҳудудларда қўшимча турар ва нотурар бино хамда иншоотлар қурилиши тақиқланади.

Реконструкция зоналари. Улар 3 га бўлинади: шаклланган ҳудудлар, такомиллаштириш талаб этиладиган ҳудудлар, зичлаштириш талаб этиладиган ҳудудлар:

  • шаклланган ҳудудларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан зарурати бўлганда, жамоатчилик фикри асосида реконструкция ишлари амалга оширилишига рухсат этилади. Бунда шаклланган ҳудудларга қурилиши сўнгги 5 йилда тугалланган ва аҳоли учун истиқомат қилиш муҳити тўлиқ яратилган ҳудудлар хамда бугунги кунда такомиллаштиришга эҳтиёжи юк ҳудудлар киради;
  • такомиллаштириш талаб этиладиган ҳудудларда аҳоли зичлиги сақлаб қолинади. Ҳудуднинг дизайн кодлари ишлаб чиқилиб, ташки кўриниши замонавийлаштирилади, жамоат жойлари ва очиқ майдонлар ободонлаштирилади хамда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилишига рухсат этилади;
  • зичлаштириш талаб этиладиган ҳудудларда шаҳар муҳитининг сифати таъминланган ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни янада яхшилаш учун талаб ва инфратузилмаларни инобатга олган ҳолда, ҳудудларни зичлаштириш ёки қисман зичлаштириш йўли билан кўп қаватли бино ва иншоотлар қуришга рухсат этилади.

Реновация зоналари эса 2 га бўлинади: қайта шакллантириладиган ҳудуд ва кенгайтириладиган ҳудудлар:

  • қайта шакллантириладиган ҳудудда (бўш ерлар, саноат ҳудудлари, кам қаватли уйлар) фойдаланиш учун яроқсиз, шаҳар экологик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи, зилзилабардошлик талабларига жавоб бермайдиган бино ва иншоотлар бартараф этилиб, бўшатилган ҳудуд комплекс мастер-режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида янги функсиялар билан қайта қуришга рухсат этилади;
  • кенгайтириладиган ҳудудда янги ер майдонлари тасдиқланган бош режага асосан бино ва иншоотлар қурилиши учун ўзлаштирилади. Бунда мазкур ҳудуд ва илгари шаклланган ҳудудлар орасидаги тафовут босқичма– босқич қисқартириб борилади хамда улар ўзаро уйғунлаштирилади.

Шунингдек, ҳар бир зонада ўзининг фойдаланиш талаблари белгиланиб, уларни GIS платформасида яратилган шаҳарнинг рақамли эгизаги орқали жамоатчилик томонидан очиқ кўриш имконияти мавжуд булади.

Шунингдек, шаҳар бош режаси 5 та функционал ҳудудларга бўлинади:

  • турар жой ҳудуди;
  • жамоат бинолари ҳудуди;
  • саноат ҳудуди;
  • рекреация ҳудуди;
  • транспорт тармоқлари ҳудуди.

Яшил майдонлар

Бош режага кўра, пойтахтдаги яшил кўкаламзорлар куйидаги таснифларга ажратилади:

  • умумий фойдаланиш кўкаламзорлар;
  • фойдаланиши чеклашган кўкаламзорлар;
  • махсус мақсадли кўкаламзорлар.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида мавжуд яшил майдонлар, чекланган ҳудудлар билан бирга 7 120 гектардан ошади. Лекин атиги 893 гектар яшил майдонлар умумий фойдаланишда. Қолган 5 102 гектар яшил майдонлар чекланган ҳудудда, яна 1 125 гектари эса махсус яшил майдонлардан иборат.

Ҳужжатга кўра, Бош режа доирасида Тошкентда 10 минг гектар қўшимча яшил майдонлар ташкил этилади. Шу билан бирга, шаҳар атрофи бўйлаб 15 минг гектар майдонда яшил белбоғ барпо этилади. Тошкент шаҳри аҳолиси жонбошига бугунги кунда тўғри келадиган З квадрат метр яшил ҳудуд 8 квадрат метрга етказилиши режалаштирилган.

Пойтахт транспорт тармоқлари

Бош режага кўра, Тошкент шаҳрида умумий ҳисобда 836 км узунликдаги йўллар мавжуд. Бош режа доирасида аҳолининг ҳаракатланишга бўлган талабини қондириш хамда транспорт оқими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшимча 647 км янги йўллар қурилиб, мавжуд 140 км йўллар кенгайтирилади.

Жамоат транcпортидан фойдаланиш улушини ошириш, шаҳар кўчаларидаги автомобиллар сонини қисқартириш мақсадида 27 та транспорт тармоғи марказлари (Park-and-ride), янги метрополитен йўллари барпо этиш ҳисобига 2045 йилгача жамоат транспортидан фойдаланиш 60 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда зичликни назорат қилиш механизмлари жорий этилиб, аҳоли энг зич бўлган ҳудудларда янги бинолар учун қаватлар сони бўйича чекловлар ўрнатилаётгани маълум қилинган.

Бош режада шаҳар ҳудудларининг зичлик параметрлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида шаҳарсозлик талаблари ҳам белгиланган. Бош режа – биринчи навбатда 2030 йилгача, ҳисоб даври бўйича 2045 йилгача амалга оширилиши белгиланган.

Бош режанинг ижроси юзасидан ҳукуматда ҳар чорак якунида Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эшитилади.

Шунингдек, ҳокимлик уч ой муддатда бош режани амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарур.

Ҳукумат қарори ижросининг назорати бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов зиммасига юклатилган.

Мавзуга оид