Жаҳон | 23:51 / 08.01.2025
1170
2 дақиқада ўқилади

Япония ҳукумати Хитой билан боғлиқ киберҳужумлардан хавотирини билдирди

Хитой томонидан қўллаб-қувватланган MirrorFace ҳакерлик гуруҳи Япония миллий хавфсизлиги ва илғор технологияларига оид маълумотларни қўлга киритишга уринган. Улар асосан ТИВ, Мудофаа вазирлиги, Космик агентликка киберҳужумлар уюштирган.

Фото: The New York Times

Япония охирги беш йилда мамлакат миллий хавфсизлиги ва юқори технологияларига оид маълумотларни қўлга киритишга қаратилган киберҳужумларда Хитойнинг MirrorFace ҳакерлик гуруҳини айбламоқда. Бу ҳақда Миллий полиция бошқармаси (NPA) маълум қилди.

Япон ҳукуматининг маълум қилишича, 2019 йилдан 2024 йилгача MirrorFace ҳужумлари таҳлил қилинганида, бу Хитой билан боғлиқ тизимли ҳаракатлар экани аниқланган. Ҳужумларнинг асосий мақсади Япония миллий хавфсизлиги ва илғор технологияларига оид маълумотларни ўғирлаш бўлган.

NPA маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати қўллаб-қувватлови ёрдамида ташкил этилган киберҳужумлар асосан Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Япония космик агентлиги, шунингдек, илғор технологияларга алоқадор хусусий компания ва таҳлилий марказлар ходимлари, сиёсатчилар, журналистларга нисбатан уюштирилган.

Бундан ташқари, MirrorFace 2023 йилнинг феврал-октябр ойларида яримўтказгичлар ва ахборот-коммуникация соҳасида устуворликка эга 37 та ташкилот тармоғига кирган. Жабр кўрганлар орасида Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги ҳам бор.

Экспертларнинг сўзларига кўра, виртуал хусусий тармоқ қурилмаларининг заифликларидан фойдаланган ҳолда уюштирилган бундай ҳужумлар оқибатида махфий маълумотлар қўлга киритилган бўлиши мумкин.

 

Мавзуга оид