Иқтисодиёт | 16:21 / 10.01.2025
1482
2 дақиқада ўқилади

Импорт қилиниши тақиқланган хавфли маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди

Импорт-экспорт қилиниши давлат томонидан тартибга солинадиган ва мажбурий экологик сертификатлаштириш лозим бўлган хавфли маҳсулотлар ҳамда чиқиндилар рўйхати тасдиқланди.

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқиндилар, айрим турдаги хавфли маҳсулот ва кимёвий моддалар муомаласи билан боғлиқ назоратни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:

- Ўзбекистонга импорт қилиниши тақиқланган хавфли маҳсулотлар ва чиқиндилар рўйхати;

- Ўзбекистонга олиб кирилиши тақиқланган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа турғун органик ифлослантирувчи моддалар рўйхати;

- Импорт-экспорт қилиниши давлат томонидан тартибга солинадиган ва мажбурий экологик сертификатлаштириш лозим бўлган хавфли маҳсулотлар ҳамда чиқиндилар рўйхати.

Ўзбекистон ҳудудига белгиланган чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш учун олиб кирувчилар қуйидагиларга эга бўлиши шарт:

- Чиқиндиларни мустақил равишда тўлиқ утилизация қиладиган, қайта ишлайдиган ёки улардан такрорий фойдаланадиган импорт қилувчилар – чиқиндиларни утилизация қилиш, қайта ишлаш ёки такрорий фойдаланиш жараёнларининг атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши тўғрисидаги баёнот лойиҳаси бўйича давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасига;

- Чиқиндиларни мустақил равишда тўлиқ утилизация қилиши, қайта ишлаш ёки улардан такрорий фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган импорт қилувчилар – мазкур чиқиндиларни топшириш ёки реализация қилиш юзасидан чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи юридик шахслар билан тузилган шартномага.

Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Мавзуга оид