Жамият | 16:33 / 10.01.2025
49134
3 дақиқада ўқилади

Пенсия миқдори кўпроқ чиқиши учун тавсиялар берилди

Пенсия жамғармаси пенсияга чиқиш вақти келганда муаммоларга учрамаслик, пенсия миқдори юқорироқ бўлиши учун фуқаролар қандай йўл тутиши кераклигини тушунтирди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси фуқароларга пенсияга чиқишда нима қилиш кераклиги юзасидан тавсиялар берди.

Кимларга пенсия тайинланади? Ёшга доир тўлиқ пенсия эркаклар 60 ёшга тўлганда 25 йил иш стажига, аёлларга 55 ёшда 20 йил иш стажига эга бўлганда тайинланади. Бундан нисбатан камроқ (камида 7 йил) иш стажига эга бўлганларга тўлиқсиз пенсия тайинланади.

Иш стажига нималар киради? Пенсия тайинлашда иш стажига расмий ишлаб, иш ҳақи ҳисобланган даврлар, якка тартибдаги тадбиркор, ўзини-ўзи банд ёки хорижда ишлаган шахс сифатида Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган даврлар киради.

Бунда, юқоридаги даврлар учун камида 7 йил иш стажига эга бўлганда, фуқаронинг харбий хизмат, олий ўқув юртидаги кундузги ўқиш ҳамда бола парвариши учун таътилда бўлган (ҳар бир бола учун 3 йил, жами 6 йилгача) даврдлар ҳам умумий иш стажига қўшилади.

Пенсияга тайёргарлик қандай амалга оширилади? Пенсия тайинлашда фуқаронинг расмий ишлаган даври ва солиқ тўланган иш ҳақи (даромади) инобатга олинади.

Юқори миқдорда пенсияга чиқиш учун қуйидагилар тавсия этилади:

- меҳнат фаолиятингиз расмий шаклда эканига, ишлаётган ташкилотингизда сизга иш стажи ёзиб борилаётганига ишонч ҳосил қилинг. Буни ўзингиз мустақил равишда my.gov.uz портали орқали текшириб олсангиз ҳам бўлади.

- ўз иш берувчингиздан иш стажингиз тўғрисидаги маълумотларини рақамлаштиришни талаб қилинг.

- сизга расмий шаклда иш ҳақи тўланаётганига эътибор беринг. Бунда, сизга ҳисобланган иш ҳақи, ҳақиқатан қўлингизга оладиган иш ҳақи, ушлаб қолинаётган даромад солиғи, жамғариб борилаётган пенсия учун ўтказилаётган маблағ ва бошқаларни доимий равишда текшириб боринг.

- агар сиз норасмий шаклда фаолият юритаётган бўлсангиз, ўз-ўзини банд қилган ҳолда рўйхатдан ўтиб, Пенсия жамғармасига белгиланган тартибда ижтимоиқ солиқ тўланг. Бу орқали сиз иш стажингизни кўпайтириб борасиз.

- пенсия қонунчилигига оид янгиликлар, маълумотлар билан мунтазам равишда танишиб боринг, киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалардан хабардор бўлинг.

- ҳозир меҳнат фаолияти юритмаётган бўлсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчангиздаги маълумотларини рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилинг. Бунда, рақамлаштирилган маълумотларингизни my.gov.uz порталида кўришингиз мумкин.

Қайд қилинишича, меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириш пенсияга чиқиш вақти келганда ортиқча оворагарчиликнинг олдини олади.

 

Мавзуга оид