Жаҳон | 16:30
3471
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» Ғарбдан Афғонистондаги 20 йиллик уруш учун товон пули талаб қилди

«Толибон» вакили Афғонистоннинг ҳарбий ишғоли пайтида шафқатсизликка учраганларга репарация тўланиши кераклигини таъкидлади.

Забиҳулло Мужоҳид Фото: Rahmat Gul / AP

«Толибон» ҳаракати Ғарб давлатларидан Афғонистондаги 20 йиллик уруш давомида ҳарбий ҳаракатлардан жабр кўрган афғонларга репарация (товон пули) тўлашни талаб қилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканалига таяниб ТАСС ёзди.

«Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳиднинг айтишича, Афғонистоннинг ҳарбий ишғоли пайтида шафқатсизликка учраганларга товон пули тўланиши керак.

Аввалроқ, The Daily Telegraph газетаси Британия махсус кучлари (SAS) афғон тинч фуқароларини, жумладан, болаларни қатл этиш бўйича «қасддан сиёсат» юритганликда айбланаётгани ҳақида хабар берган эди. Бу иддаолар Афғонистондаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар тергови бўйича очиқ эшитувлар чоғида янгради.

«Афғонистонда уруш жиноятларини нафақат британияликлар, балки Афғонистонда Европа Иттифоқи байроғи остида фаолият юритган 47 давлат ҳам содир этган. Ҳаага суди бу масалани текшириш учун комиссия тузиши керак. Товон тўлашдан ташқари, улар халқаро судларга топширилиши керак», деди ҳарбий таҳлилчи Залмой Афғонёр.

The Guardian нашри ҳам Афғонистонда Британия аскарлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида ёзган эди. Жумладан, 2010-2013 йиллар оралиғида Британия махсус кучларининг Ҳилманддаги миссиялари чоғида камида 80 нафар афғон фуқароси ҳалок бўлган. Британиялик аскарлардан бири Ҳилмандга олти ойлик сафари чоғида 35 нафар тинч аҳолини ўлдирган.

«Толибон» вакиллари 2021 йил кузида ҳам Буюк Британия ва НАТО ташкилотининг бошқа давлатларидан 20 йиллик уруш учун миллиардлаб доллар товон пули талаб қилиш ниятида эканини эълон қилганди.

Мавзуга оид