Жаҳон | 23:36 / 14.01.2025
2640
2 дақиқада ўқилади

Рига аэропорти узра номаълум дронлар қайд этилди

Натижада, ушбу аэропортга учиб келувчи қатор рейслар бошқа ҳаво бандаргоҳларига йўналтирилди. Учувчисиз учиш аппаратлари туфайли Латвияда парвозларга уч маротаба чекловлар киритилди.

Фото: LETA

Латвия Фуқаролик авиацияси агентлиги полиция ва мамлакат Хавфсизлик хизматига 13 январ куни Рига аэропорти узра номаълум дронлар учгани юзасидан ариза билан мурожаат қилди, деб хабар беради Delfi.

Қайд этилишича, учувчисиз учиш аппаратлари туфайли Латвия ҳаво маконида уч маротаба қисқа муддатли чекловлар жорий этилган. Шунингдек, учта самолёт бошқа аэропортларга йўналтирилган: airBaltic авиакомпаниясининг Софиядан ҳамда Wizzair’нинг Кутаисидан учаётган рейслари Вилнюсга йўналтирилган, Ҳелсинкидан ҳавога кўтарилган Finnair самолёти эса учиш аэропортига қайтарилган.

Дронларнинг қайта парвози вақтида бошқа аэропортларга йўналтирилган airBaltic ва Wizzair рейслари йўловчиларни яна Ригага элтиш вақтида аэропорт очилгунга қадар ҳаво маконида кутишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, дронлар сабаб Ригадан учадиган кўплаб рейслар ҳам кечиктирилган.

Авиарегуляторнинг ҳисоблашича, учувчисиз учиш аппаратлари қасддан, фуқаролик самолётларини хавф остига қўйиш ёки Латвия фуқаролик авиацияси сектори фаолиятини бузиш мақсадида учирилган бўлиши мумкин.

Номаълум дронлар парвози бир неча ойдан бери бутун дунёда қайд этилмоқда. 2024 йил августда Фленсбург шаҳри прокуратураси Германия шимолидаги инфратузилма объектлари устидан бир неча бор дронлар учиб ўтганидан кейин тергов бошлаганди. Дастлабки версияга кўра, улар Шимолий денгиздаги фуқаролик кемаларидан Россия агентлари томонидан учирилган бўлиши мумкин. Декабр ойида эса бир нечта дрон Германиядаги муҳим саноат объектлари ҳамда Рамштайндаги АҚШ авиабазаси ҳудудида, 2025 йил бошида эса Копенгаген порти яқинида қайд этилганди.

Мавзуга оид