Ўзбекистон | 13:13
3995
2 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет»га айрим ўзгаришлар киритилди

Эндиликда «Ташаббусли бюджет» учун ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши керак. Лойиҳада автомобиллар ва мансабдорлар учун мебеллар хариди тақиқланди, молиявий мустақил ОТМлар иштироки тўхтатилди.

Фото: Kun.uz

Сенат Кенгашининг қарори билан, «Ташаббусли бюджет» жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши белгиланди. Бунда, 10 тадан ортиқ лойиҳа учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуддаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.

Маълумот учун, ҳозирги кунда лойиҳаларнинг энг юқори чегаравий қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этади. Шунга кўра, туман ва шаҳар бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг энг кам миқдори 15 млрд сўм, энг юқори миқдори эса 45 млрд сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, эндиликда ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтганини инобатга олган ҳолда, жорий йил 1-мавсумдан бошлаб молиявий мустақил бўлган олий таълим муассасаларининг «Ташаббусли бюджет»да иштирок этишига рухсат этилмайди.

Ижтимоий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида, ташкилотлар томонидан барча турдаги автомобиллар, жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид жиҳозлар (радар, жамоат жойларидаги кузатув камералари, «светофор»), раҳбар ходимлар учун мебел жиҳозларини харид қилиш ҳам тақиқланди.

Мавзуга оид