Ўзбекистон | 10:02 / 06.12.2015
45823
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов Ўзбекистонда ички ишлар органлари тўғрисида қонун ишлаб чиқилишини таклиф қилди

Мамлакатимиз президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Ўзбекистонда ички ишлар органлари тўғрисида қонун ишлаб чиқилишини таклиф қилди.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини ҳам нормал ҳолат, деб бўлмайди. “Шунинг учун мазкур органларнинг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарур”, - деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз ўз сўзида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида фуқароларимиздан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг мансабдор шахслари устидан келиб тушган 500 га яқин шикоятнинг бештадан биттаси ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тегишли эканини таъкидлаб ўтди.

“Ишонч телефон”лари орқали адлия идораларига қилинган мурожаатларнинг 96 фоизи қаноатлантирилган, аризаларнинг 4 фоизини қаноатлантириш рад этилган. Бу рақамлар нимадан далолат беради? Шикоят билан мурожаат қилган одамларнинг у ёки бу давлат органлари қарорларидан норози бўлишга тўла ҳақли эканидан далолат беради.

“Одамлар нима ҳақида ариза ёзмоқда? Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қарорлар қабул қилаётганидан, бу идораларнинг мансабдор шахслари қўпол муомалада бўлаётганидан, аҳоли мурожаатлари улар томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётганидан шикоят қилмоқда. Фуқаролар тергов органлари томонидан тергов ҳаракатларини амалга оширишда процессуал қонунчиликни қўпол равишда бузиш билан боғлиқ фактлар борлигини кўрсатмоқда”, - деди давлатимиз раҳбари.

Мавзуга оид