Фан-техника | 17:12 / 08.07.2016
7104
2 дақиқада ўқилади

Хитойда автомобилни тураргоҳга жойлаштирувчи робот яратилди

Яқин келажакда йирик меҳмонхона ва ресторанларнинг автотураргоҳларида ишловчилар жиддий рақобатга дуч келадиган кўринади. Гап шундаки,уларнинг вазифасини замонавий жойлаштиргич роботлар эгаллаши мумкин. Хитойнинг роботехника ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Ифэн" заводи автомобилларни тураргоҳга жойлаштирувчи роботни ясашга муваффақ бўлган. 

Автоматик қурилма, оператор ёрдамисиз мустақил ишлай олади. Кўтаргич платформа ғилдиракларга ўрнатилган бўлиб, 2,5 тоннагача автомобилни кўтара олади. У, сониясига 1,5 метр тезликда ҳаракатланиши мумкин. 

Унга ўрнатилган лазерли навигация тизими атрофдаги хавф ва тўсиқларни сезиш имконини беради. Шунга кўра, робот тураргоҳдаги бўш жойни бир-икки дақиқада топади. Айтиш жоизки, айрим ҳайдовчилар машинани тураргоҳга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келади, робот эса, 5 мм аниқлик билан машинани жойлаштира олади. 

Бундан ташқари, автомобиль эгаси тураргоҳга кириши ҳам шартмас, машинасини кираверишда қолдирса бас, қолганини техниканинг ўзи бажаради. 
Лозим бўлганда, машинани эгасига тезроқ олиб чиқади. Шу билан бирга, у инсонларга қараганда 40 фоизга самаралироқ ишлаб, жойни ҳам тежай олади. 

Аммо, ҳозирча бу қурилма қиммат тургани  боис, автотураргоҳда унинг хизматидан фойдаланиш, Хитой бозорида 7 йилда ўзини оқлаши айтилмоқда. 

Мавзуга оид