Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин биринчи марта Си Жинпинг билан суҳбатлашди
Трампнинг биринчи президентлик даврида икки давлат раҳбарларининг муносабатларига совуқлик тушган эди.
Янги сайланган АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой етакчиси Си Жинпинг билан сайловдаги ғалабасидан кейин илк суҳбатини ўтказганини айтди. Bloomberg хабарига кўра, Трамп ўтган ҳафта Си билан «суҳбатлашганини» айтган, бироқ суҳбат қачон бўлиб ўтгани ва нималар муҳокама қилинганига аниқлик киритмаган.
«Мен президент Си билан келишувга эришдим, у билан жуда яхши муносабатдаман», деди Трамп.
Нашр таъкидлаганидек, Трампнинг баёнотлари Пекин ва Трамп жамоаси ўртасида энг юқори даражадаги алоқалар қайта тикланганидан далолат беради.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг 9 декабр куни Пекинда бўлиб ўтган навбатдаги матбуот анжуманида икки етакчи ўртасидаги мулоқотга оид саволга жавоб берар экан, тафсилотлардан қочди ва фақат Хитойнинг Қўшма Штатларга нисбатан сиёсати «изчил ва аниқ» эканини айтди.
«Биз Қўшма Штатлар билан ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва ҳамкорлик асосида ишламоқчимиз», деди у.
Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг Си унга табрик йўллаб, муносабатларни «соғлом ва барқарор» сақлаш истагини билдирган эди.
Си ва Трамп ўртасидаги муносабатлар собиқ АҚШ президентининг биринчи президентлик муддати давомида самимий эди. Аммо улар савдо уруши ва пандемия пайтида ёмонлашди: Трамп коронавирусни «Хитой вируси» деб атаган эди. Трамп ва Си охирги марта 2019 йил июн ойида Японияда бўлиб ўтган саммит доирасида шахсан учрашган эди.
Reuters ёзганидек, Трамп сайловолди ташвиқоти давомида Хитой импортига деярли 40 фоизлик бож жорий этишга ваъда берган. Бундай чоралар дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини 1 фоизга камайтириши мумкин.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024