Жамият | 19:02 / 15.07.2016
30704
2 дақиқада ўқилади

«Маҳабҳорат» сериали техник сабабларга кўра тўхтатилган

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва Маърифат» телеканалида эфирга кетаётган «Маҳабҳорат» сериали 12 июлдан бошлаб эфирдан олинди. Бироқ компания интернет сайтида ва бошқа ерларда берилаётган ТВ дастурларда сериал намойиш этилиши кўрсатилган.

Сериалнинг нима сабабдан эфирдан олингани ҳақида МТРК ҳеч қандай маълумот бермади. Ташкилот билан боғланганимизда фақат биргина жавоб айтишди: «Техник сабабга кўра тўхтатилган».

«Маҳабҳорат» шу номли ҳинд эпоси асосида ишланган сериал бўлиб, 2013 йилда суратга олинган. У «Маданият ва Маърифат» телеканалида кеч соат 20:30да эфирга узатилаётган эди. Кундузи 12:00да бир кун олдинги сони такроран бериларди. У ҳақда махсус кўрсатувлар тайёрланиб, сериалнинг янги талқини ажойиб чиққани ҳақида кўпчилик мутахассислар муносабат билдиришган.

Islom.uz сайтида ҳам шу масалада ўқувчилардан бири бу сериални кўриш шариатга тўғри келадими, қабилида савол берган. Сайтда эса ўзгача жавоб берилган: «Куфрга рози бўлиш, куфр ҳисобланади. Шу фильмни кўрган кўп одамларнинг оғизларидан: "Жаноби Рамга шарафлар бўлсин" деяётганларини ўзимиз ҳам эшитдик. Қандай қилиб бу сўзни куфр деб бўлмайди?». Бу ерда назарда тутилган Рам ҳиндларнинг бошқа эпоси «Рамаяна» қаҳрамони ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ҳам бу сериал кўп муҳокама қилинмоқда. Кўпчиликка ундаги бош қаҳрамонлардан бири Дроупадининг бешта Пандузода ака-укаларга бирданига турмушга чиққани ёқмаган. Бу эпосда кўп нарса реал ҳаётга тўғри келмаслиги, у бадиий фикр намунаси экани ҳам баъзи фойдаланувчилар томонидан айтилган.

Мавзуга оид