Жаҳон | 19:19 / 23.08.2016
11040
2 дақиқада ўқилади

Арман оиласини қатл қилган россиялик аскарга ҳукм ўқилди

Фото: GETTY IMAGES

Россиялик ҳарбий хизматчи Валерий Пермяков Арманистоннинг Гюмри туманида Аветисянлар оиласини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. 

Суд маҳкамаси айблов томонининг талабларини тўлиқ қаноатлантирган. 

Қотиллик жинояти юзасидан маҳкама жараёни ўтган йилнинг декабрь ойида Россиянинг Гюмридаги 102-ҳарбий базаси ҳудудида бошланган эди. Пермяков ушбу ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган вақтда қотилликни содир этган.

Терговга кўра, 2015-йил 12-январида оддий аскар Пермяков қоровулликни рухсатсиз тарк этган. Шундан сўнг, у Аветисянлар оиласининг уйига келиб, 6 кишини отиб ташлаган ва олти ойлик чақалоқни ҳам оғир яралаб, унинг ўлимига сабаб бўлган. 

Пермяков россиялик чегарачилар томонидан арман-турк чегарасини Баяндур қишлоғида кесиб ўтишга уриниш чоғида ушланган эди. 

Айбланувчининг судда иқрор бўлишича, у Туркияга қочиш учун ҳарбий қисмни тарк этган. Унинг сўзларига кўра, автомат қурол ва пичоқни чегарадаги итларни қўрқитиш учун олган. 

Шундан сўнг, у ўтган йилнинг август ойида дезертирлик ва ўқотар қуролни ўғирлаш жинояти бўйича Россия ҳарбий суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганди. Оммавий қотиллик жинояти учун Пермяковни Арманистон суди Россия қонунлари бўйича суд қилди. Пермяков қотилликдаги айбига иқрор бўлган, экспертлар унинг соғломлиги борасида хулоса қилишган. 


 

Мавзуга оид