Спорт | 12:44 / 16.09.2016
13017
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Рио-2016да 53 нафар британиялик спортчи допинг истеъмол қилган

Буюк Британия аксилдопинг агентлиги (UKAD)нинг маълум қилишича, 2016 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этган 53 нафар британиялик спортчининг Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган дориларни даволаниш мақсадида қўллашга рухсати бўлган. Бу ҳақда, BBC Sport хабар қилмоқда.

15 сентябрь куни Fancy Bears хакерлик гуруҳи эълон қилган маълумотларга кўра,  WADA 8та мамлакатнинг 25 нафар спортчисига тақиқланган дорилардан фойдаланишга рухсат берган. Уларнинг 14 нафари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада мусобақаларида совриндор бўлишган. Шулардан беш нафари британиялик: велопойгачилар Крис Фрум ва Брэдли Уиггинс, гольфчи Чарли Ҳалл, регбичи аёл Ҳизер Фишер ва эшкакчи Сэм Таунсендлардир. Яна 48 нафар британиялик олимпиячиларнинг исми-шарифи кейинроқ эълон қилиниши кутилаяпти. 

UKAD раҳбари Николь Сапстиднинг баёнот беришича, унинг ташкилоти допинг истеъмол қилган, аммо исмлари ошкор қилинмаган спортчилар фош этилмаслиги учун барча чораларни кўрмоқда. 

«Ҳозирда бу бизнинг асосий вазифамиз. Биз, шунингдек, номлари ошкор бўлганлар билан боғланишга уринаяпмиз. Уларнинг ҳеч бири ноқонуний иш қилмаган. Мен хакерлар қилган ишни қабул қила олмайман. Шахсий тиббий маълумотларни ошкор этиш — яхши эмас», — деган Сапстид.

Умуман, Буюк Британия миллий Олимпия терма жамоаси таркибида 366 нафар спортчи Рио-2016 Олимпия ўйинларида иштирок этган. 

Мавзуга оид